Маиший зўравонлар қаерда қандай жазоланишади?

Image caption Маиший зўравонликлар Ўзбекистонда ҳам кенг тус олгани айтилади

Британия ҳукумати хотин-қизларга қарши маиший зўравонликларнинг олдини олиш учун янги режага қўл урмоқчи.

Янги режага мувофиқ, ҳатто айбларини исботлаш учун далиллар етарли бўлмаса ҳам, зўравонлар вақтинчалик ҳибсга олинишади.

Британ ҳукуматининг янги режаси Халқаро Маиший зўравонликларга қарши кураш куни муносабати билан эълон қилинган.

Бу маиший зўравонликларга барҳам беролмаётган ҳар қандай ҳукумат қўйиши керак бўлган қадамдир.

Яъни, аёлларни маиший зўравонликлардан ҳимоя қилиш учун зўравонлар икки суткадан тўрт ҳафтагача уйларини тушларида кўришлари мумкин бўлади.

Британ ҳукуматининг айрим танқидчиларига кўра, лозим бўлган далилларсиз иш тутиш полицияга ҳаддан зиёд ваколат бериб юборади.

Бироқ британ ҳукуматининг айтишича, бу каби ташаббуслар Австрия, Олмония, Польша ва Швейцарияда аллақачон иш берган ва бу каби хавотирларга асос йўқдир.

Actionaid International халқаро ташкилотининг бугун эълон қилган рақамларига кўра, ҳар уч аёлдан биттаси ўз умрлари давомида жинсий ёки жисмоний зўрланишади.

Халқаро ташкилотнинг айтишича, маиший зўравонликлар нафақат аёлларнинг жароҳат олишлари ёки ўлими билан якунланади.

Балки қизларни мактабга бориш, аёлларни пул топиш ва ўз овозларига эга бўлишларидан ҳам маҳрум этади.

Халқаро ташкилотга кўра, барча инсон ҳуқуқлари орасидан аёлларга нисбатан маиший зўравонликлар энг мунтазам тус олганидир.

Ва ҳукуматларнинг қатъият кўрсатиб, маиший зўравонликларга биратўласига барҳам беришларининг вақти етган.

Маиший зўравонлик ҳоллари Ўзбекистонда ҳам кенг илдиз отган. Ўзбекистонда аёллар орасида юз бераётган суиқасд ҳолларига ҳам асосан маиший зўравонликлар сабаб бўлиши айтилади.

Айрим халқаро ташкилотлар эса, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳимояси учун, ҳатто, махсус қонуннинг ҳам йўқлигига эътибор қаратишади.

Хўш, шундай бир манзарада аёллар ўз ҳимоялари йўлида нималарга умид қилишлари мумкин бўлади? Суҳбатдошимиз Ўзбекистондаги "Эзгулик" инсон ҳақларини сақлаш жамияти раиси Васила Иноятова:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди