Икки Корея орасидаги таранглик хавотир билан кузатилаяпти

Шимолий Корея расмийлари Жанубий Корея ва АҚШни кўрфаз минтақасида урушни келтириб чиқариш ҳаракатларида айблаб чиқди.

Жанубий Корея ва АҚШ яқин кунларда қўшма ҳарбий машқлар ўтказишни режаламоқдалар.

Бу машқлар Шимолий Корея томонидан Жанубий Кореяга тегишли Йонпхендо ороли бомбардимонга тутилишидан кейинги кунларга тўғри келаяпти, аммо бу режа ҳақида олдиндан эълон қилинган эди.

Ушбу қуролли тўқнашув икки Корея ўртасида охирги ўн йилликда бўлиб ўтган энг жиддий ҳодиса деб кўрилмоқда.

Йонпхегдо ороли ҳужумга тутилганидан икки кун ўтиб Жанубий Корея мудофаа вазири Ким Дэ Ён истеъфо берди, у ўзини етказилган талофот учун масъул деб билган.

Айни пайтда Жанубий Корея ўзининг ҳарбий мудофаа сиёсатини қайта кўриб чиқишга қарор қилган.

Дам олиш кунлари Сариқ денгизда АҚШ ва Жанубий Корея ҳарбийлари иштирокида ўқув машғулотлари мўлжалланган, бу режадан Хитой ўзининг хавотирини билдирди.

Бу машқлар минтақада уруш бошланишига сабаб бўлади, деб чиқди Пхенян.

Шимолий Корея матбуотида расмийлар баёноти эълон қилинган, унда "Шимолга қарши ҳарбий машқларни ўтказмоқчи бўлаётганларнинг ўйловсиз ҳаракатлари туфайли Корея ярим ороли уруш бўсағасига келиб қолган", дейилади баёнотда.

"Агар Жанубий Кореядаги урушни гижгижлайдиганлар яна беўйлов ҳарбий иғвони бошлайдиган бўлсалар", Шимолий Корея янги бомбардимон билан жавоб қайтариши ҳақида огоҳлантириш билан чиққан.

Ҳужумлардан кейин Йонпхендо оролидаги Жанубий Корея фуқаролари кўчирилганлар, у ерда саноқли кишилар қолган.

Оролдаги вайроналар миқёсини аниқлаш мақсадида Америка генерали Уолтер Шарп борган.

Бир соатча давом этган замбарак ҳужумлари оқибатида Йонпхендо оролида икки ҳарбий денгизчи ва икки тинч фуқаро ҳалок бўлган.