Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Пассив кашандалик оқибатида йилига 600 минг киши ҳаётдан кўз юмади'

Image caption Кашандага қараганда чекмайдиган инсон чекишдан кўпроқ зарар кўради

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти янги тадқиқоти натижаларига кўра пассив чекиш оқибатида келиб чиққан касалликлар туфайли йилига жаҳонда ярим миллиондан кўпроқ инсон ҳаётдан кўз юмади.

192 мамлакатдан олинган маълумотларни ўрганиб чиқиш асосида ўтказилган тадқиқот ўзи чекмайдиган, лекин биров чеккан тамаки тутуни хавфи ҳақида ўтказилган биринчи кенг қамровли изланишдир.

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилотининг янги тадқиқоти натижалари хавотирли, деб хабар қилади Би-би-си мухбири Иможен Фоулкес.

Ҳисоб-китобларга кўра, болаларнинг 40 фоизи ва 30 фоиздан ортиқ чекмайдиган катта ёшдагилар доимий равишда чекишдан ҳимояланмаган бўладилар.

Яъни, атрофдаги кашандалар чиқарадиган тутундан заҳарланишади.

Тадқиқотларга кўра, айни чекишдан ҳимояланмаслик йилига 600 минг ўлим ҳолларига сабаб бўлади.

Нобуд бўладиганларнинг учдан бир қисми болалардир.

Чекиш кашанданинг ўзида юрак, нафас олиш йўллари хасталиклари ва ўпка саратонини келтириб чиқарганидек, атрофдаги одамларда ҳам худди шундай салбий оқибатлар кузатилиши мумкин экан.

Фарқ шундаки, иккинчи даражали "чекувчи"лар, яъни кашандалар чиқарган тутундан зарар кўрадиганлар тамаки маҳсулотларини ўзлари истифода этмайдилар.

Ҳисобот муаллифлари айниқса болаларга бўладиган салбий таъсирлардан хавотир билдирадилар.

Ҳатто жамоат жойларида чекиш қонун асосида қатъий тақиқланган мамлакатларда ҳам болалар уйларидаги кашандаликдан азият чекадилар.

Болалар қулоқ инфекцияси, зотилжам, диққинафас касалликларига чалинишлари ва гўдаклар орасида кутилмаган ўлим ҳолларини кузатилиши мумкин экан.

Уйдаги шарт-шароитни қонунийлаштириш мураккаб ҳол.

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти ота-оналарни ўз болаларини кашандалик туфайли азият чекишлари олидини олишга ундайди ва бу борада зудлик билан зарур қадамлар қўйишга чақиради.

Ўзбекистонда ҳам охирги йилларда чекишга қарши кампаниялар ўтказилаётганлигини кўриш мумкин.

Лекин чекувчилар сони ҳануз юқори эканлиги назарда тутилса, уларнинг самараси неқадар бўлмоқда ва пассив чекиш муаммоларига умуман эътибор қаратиладими?

Бу ҳақда биз ўзбекистонлик шифокор Дилмурод Эргашев билан суҳбатлашдик.