"Ашаддиётлар дунёси": Бизнес

Ўтган йилги глобал молиявий инқироз ортидан дунё давлатлари ўзларига келиб олишга уринишаркан, "Ашаддиётлар дунёси" лойиҳамизнинг навбатдаги қисмида бизнес қилишнинг қаерда осону қийин эканига назар ташлаймиз.

Жаҳон Банкининг ҳисоб-китобларига кўра, жаҳонда бизнес қилиш учун энг яхши жой Сингапур экан. Ҳонг Конг иккинчи, Янги Зеландия эса, учинчи ўринда тураркан.

183 давлатнинг ичида бизнес қилиш учун Чад энг ёмон мамлакат сифатида тилга олинган.

Жаҳон Банки томонидан олиб борилган тадқиқотларда яна бизнесга алоқадор омиллар сифатида янгитдан бизнес очишнинг қанчалар осонлигига ҳам эътибор берилган.

Даромадлари юқори бўлган дунёнинг ривожланган давлатлари бу борада ҳаммани ортда қолдириб кетишган. Ривожланаётган, қашшоқроқ мамлакатларнинг натижалари ҳам шунга яраша бўлган.

10 та категориянинг бештаси бўйича Чад деярли ҳар сафар рўйхатнинг энг қуйи поғонасидан ўрин олган.

Давлатларнинг Ялпи йиллик ички маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми киши бошига тақсимланганда эса, энг ёмон кўрсаткич (163 АҚШ доллари) Конго Демократик Республикасига тўғри келган.

Сингапурда эса, ушбу кўрсаткич 36.537 долларни ташкил этган.

Ҳисоб-китобларга қаралса, Конго Демократик Республикасида аҳолининг чорак фоизи кунига 1.25 доллардан камроқ маблаққа кун кечиришаркан.

2008 йилги маълумотларга қаралса, бойваччалар учун жаннат деб кўрилувчи Монакода Ялпи ички йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми киши бошига ҳисоблаганда жаҳонда энг юқори(211.501 АҚШ доллари)си, деб ҳисобланаркан.