"Ашаддиётлар дунёси": Жиноятчилик

Дунё бўйлаб қамоқхоналарда сақланаётган 10 миллионга яқин маҳбуснинг қарийб ярми бирга олганда Америка Қўшма Штатлари, Хитой ва Россия ҳиссасига тўғри келаркан.

Жаҳон бўйлаб 2009 йилда эълон қилинган расмий ҳисоб-китобларга кўра, Америкада ҳар 100.000 кишига 756 та маҳбус тўғри келади. Дунё бўйлаб ўртача кўрсаткичлар эса, ҳар 100.000 кишига 145 тани ташкил этади.

2008 йилги маълумотларга қаралса, Лихтенштейнда жами маҳбусларнинг сони бор-йўғи 7 кишини ташкил этади. Айрим маҳбуслари Австрия қамоқхоналарида сақланса ҳам, ҳар 100.000 кишига маҳбусларнинг нисбати бор-йўғи 20 фоизга етаркан. Бу энг паст кўрсаткичлардан биридир.

Бирлашган Миллатларнинг Гиёҳванд моддалар ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш идораси жиноий адлия тизимлари тақдим этган маълумотлар асосида дунёнинг 198 та давлатидаги қотилликларга оид маълумотларни ҳам эълон қилади.

Қотиллик ҳоллари бўйича Марказий ва Жанубий Америка давлатлари жаҳонда энг юқори кўрсаткичларга эга экан.

Дейлик, Гондурасда ҳар 100.000 кишига 60.9 та қотил тўғри келса, Ямайкада бундан салгина оз, яъни бу каби ҳоллар 59.5 тани ташкил этаркан.

Бунга қарши ўлароқ, Исландия ва Монакодаги 2008 йилги кўрсаткичларга қаралса, у ерда қотиллар умуман бўлмаган. Қотилликка қўл урганларнинг сони Англия, Уэльсда 1.2 та, Америкада эса, 5.2 тани ташкил этган.

Инсонларнинг яшаш даражаларига оид сўров Mercer маслаҳат ширкати томонидан олиб борилган. Сўров натижаларига кўра, Люксембургда кишилар ўзларини энг хавфсиз ҳис этишса, Бағдод дунёдаги энг хавфли шаҳар бўлиб чиққан.

Жаҳоннинг 215 давлатида олиб борилган сўровда жиноятчилик кўлами ва ички хавфсизлик масалаларига эътибор қаратилган.