"Ашаддиётлар дунёси": Саводхонлик

"Ашаддиётлар дунёси" лойиҳамизнинг бешинчи қисмида биз дунё бўйлаб аҳолининг саводхонлик даражасига эътибор қаратамиз.

Чунки ҳар хил мамлакатлар мисолида саводхонлик даражаси ҳам бир-биридан кескин фарқ қилади.

Дейлик, Малида 15 ёшдан юқори бўлган аҳолининг бор-йўғи 26.2 фоизи ўқиш-ёзишни билади. Жаҳоннинг ривожланган давлатларида ушбу кўрсаткичлар 99 ёки 100 фоизни ташкил этади.

Дунёдаги саводхонлик даражаси паст бўлган 200 давлатнинг аксарияти Африка қитъасига тўғри келади.

Лекин Бангладеш ва Покистоннинг кўрсаткичлари ҳам бор-йўғи эллик фоиздан сал ортиқроқни ташкил этаркан, холос.

Яна бу давлатларнинг кўпчилигида таълим олган қизларнинг сони ўғил болалариникидан анча кам.

Plan International ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, дейлик, Мозамбик ва Нигерияда хотин-қизларнинг 3 фоизигина таҳсил олишади, холос.

Бунинг оқибатида эса, ўша давлатларнинг иқтисодлари миллионлаб доллар йўқотишга учрашаркан.

Бундан ташқари, саводхонлик даражаси биргина таълим олиш мезонлари билан ўлчанмайди.

Жаҳон Банки яна ўқувчилар бошига қанча ўқитувчи тўғри келишини ҳам инобатга олади.

Мисол учун, Марказий Африка Республикасида ҳар 100 та ўқувчига битта ўқитувчи тўғри келса, Лихтенштейнда ҳар еттита ўқувчига битта ўқитувчи тўғри келади.

Дунёдаги энг катта мактаб эса, Ҳиндистонда экан. У ердаги ўқувчиларнинг сони 32.000 тани ташкил этиши айтилади.

Давлатлар таълим соҳасига ажратаётган маблағлар ҳам бир-биридан фарқ қилади. Жаҳон Банкининг ҳисоб-китобларига кўра, Буюк Британия ўрта таълим соҳасига Ялпи йиллик ички маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг 23.4 фоизини ажратса, Куба қарийб 45 фоизини сарфларкан.

Кубада аҳолининг саводхонлиги билан боғлиқ муаммо жиддий эса-да, ёшларга таълим беришга бўлган интилишнинг кучлилиги сабаб, ҳозирда мамлакат аҳолисининг ёш қатлами орасида саводхонлик кўрсаткичи 100 фоиздан иборат экан.

Энг катта сондаги талабалар Хитойнинг ҳиссасига тўғри келаркан. Ҳисоб-китобларга кўра, бутун дунёдаги талабаларнинг қарийб чорак фоизи Хитойда экан.

Коллежларда таҳсил олаётганларнинг сони эса, ўтган 12 йил бадалида 6.2 миллиондан 24 миллионга етган. Биргина Американинг ўзида бу кўрсаткичлар 14 миллиондан ортиб кетган.

Хитойда яна ўтган йили университетларни якунлаган олти миллиондан ортиқ талаба ишли бўлишган.