"Ашаддиётлар дунёси": Диндорлик

"Ашаддиётлар дунёси" лойиҳамизнинг сўнгги қисмида диннинг инсонлар ҳаётида тутган ўрнига эътибор қаратамиз.

Gallup маркази томонидан олиб борилган сўров натижаларидан аён бўлишича, катта ёшли дунё аҳолиси 84 фоизининг ҳаётида дин муҳим аҳамият касб этаркан.

Яна бу каби натижа ўтган тўрт йил бадалида ўзгармабди ҳам.

Сўровлар ўтган йили жаҳоннинг 114 давлатида олиб борилган.

Бангладеш, Нигерия, Яман ва Индонезия дохил 10 давлатда сўров иштирокчиларининг камида 98 фоизи дин кундалик ҳаётларида муҳим ўринга эгалигини айтишган.

Энг диндор давлатлар эса, нисбатан камбағал бўлиб чиқишган. Бу каби давлатларда Ялпи йиллик ички маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми киши бошига 5.000 АҚШ долларини ташкил этган.

Бунга зид равишда, Ялпи йиллик ички маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми киши бошига юқорироқ кўрсаткични ташкил этган мамлакатларда сўралганларнинг қарийб 47 фоизи дин ўзлари учун муҳим эканини билдиришган.

Эстония(16%), Швеция(17%) ва Дания(19%)лик кўрсаткич билан дунёдаги энг даҳрий мамлакатлар бўлиб чиқишган.

Энг даҳрий деб кўрилган ва даромади паст бўлган ҳар тўрт давлатдан учтаси собиқ Шўро мамлакатлари экан.

Собиқ Шўролар Иттифоқида дин 1991 йилгача қаттиқ таъқиб остида бўлган.

Ҳатто, дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам кишиларнинг динга нисбатан муносабатлари фарқли бўлиб чиққан.

Америкалик оврўполикларга қараганда диндорроқ эканлар. Лекин шунда ҳам, тоат-ибодат учун черковга бораётганлар сонининг камайиши кузатилган.

Лекин кишиларнинг диндорлик даражалари Американинг штатлари бўйлаб ҳам бир-биридан фарқ қилган.

Дейлик, Миссисипи штатининг 82 фоиз аҳолиси дин ўз ҳаётларида муҳим ўрин тутишини айтишган.

Нью Ҳампширда эса, бундай инсонларнинг сони бор-йўғи 36 фоизни ташкил этган.

Католик ва Протестант черковлари дохил насронийлик ҳамон дунёдаги энг йирик дин экани аён бўлган.

Ҳисоб-китобларга қаралса, дунё аҳолисининг 32 фоизи(2.1 миллиардга яқин одам) насроний динига эътиқод қилишаркан.

2009 йилги рақамларга кўра, мусулмонларнинг сони дунё бўйлаб 1.6 миллиард кишини ташкил этган.

Бу дунё аҳолисининг 23 фоизи деганидир.