Медведев: 'Собиқ Шўро давлатлари билан алоқаларни жипслаштириш зарур'

Дмитрий Медведев
Image caption Дмитрий Медведев собиқ Шўро давлатлари билан алоқаларни жипслаштириш муҳим масалалардан бири эканини урғулаган

Россия Федерал мажлисига қаратилган анъанавий йиллик мурожаатида Дмитрий Медведев собиқ Шўро давлатлари билан алоқаларни жипслаштириш муҳим масалалардан бири эканини урғулаган.

Унинг айтишича, МДҲ ҳудудида Арктикадан то Тинч уммонига қадар ягона иқтисодий ҳудуд яратиш мақсади кўзланиши лозим. "Ташқи сиёсатимизнинг махсус ва устунли йўналиши, албатта, бу МДҲ ташкилотидир. Ва ушбу ташкилот таркибидаги структуралар - Овроосиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Коллектив хафсизлик шартномаси шулар жумласидан. Биз ташкилот доирасида Арктикадан то Тинч уммонига қадар ягона иқтисодий ҳудуд яратиш йўналишида ҳаракат қилишимиз лозим",- деб айтди Президент Медведев.

Президент, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идораларини жиноий гуруҳларга боғлиқликда айблаган ва келаси йиллар ичида дунёда қуролланиш пойгаси кучайиши борасида ҳам огоҳлантирган.

Медведевнинг фикрича, агар яқин 10 йил давомида Россия ва НАТО блоки ракеталарга қарши мудофаа тизимига оид масалада ягона келишувга эришмаса, дунё яна янги қурроланиш пойгасига дуч келиши мумкин. Ушбу вазият, Президентга кўра, Москванинг жавобий чораларга қўл уришига ундаши мумкин.

Россия ички сиёсати ҳақида гапирар экан, Президент мамлакатда демократияни мустаҳкамлаш йўлида, патиялараро сиёсий рақобатга йўл очилиши лозимлигига ишора этди.

Медведев, шунингдек, Россия жамиятида соғлом ҳаёт тарзи тарғиб этилишини урғулади.

"Россия фуқароларининг 80 фоизи жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланмайди. Шу қаторда Россия сигарет чекиш бўйича дунёда энг юқори ўринларнинг бирида", деб айтди Дмитрий Медведев. Айни вақтда Президент ўз чиқишида, асосий эътиборни ижтимоий муаммолар, хусусан, оила ва фарзанд масалаларига қартди. Медведевнинг айтишича, кўпфарзандли оилаларни қўллаб-қувватлаш чоралари давом эттирилади. Унга кўра, Россия яқин 15 йил давомида демография муаммолари оқибатларини бошдан кечиради.

Президентнинг фикрича, демография муаммосини бартараф этиш учун Россия оилалари камида 3 фарзандли бўлиши лозим.