Wikileaks Америка манфаатлари ҳақида ёзмоқда

Image caption Саудиялик донорлар террорчиларни дастаклайдими?..

Бир неча кундан бери асосан дипломатия дунёсини ларзага солиб турган Wikileaks саҳифаси Америка томонидан ўз миллий манфаатлари учун ҳаётий саналган қатор иншоотлар рўйхатини берган.

2009 йилнинг феврал ойида АҚШ Давлат департаменти дипломатик миссияларига газу нефт қувурлари дохил, алоқа ва транспорт иншоотлари рўйхатини берган.

Буюк Британиядаги бир неча жойлар, хусусан, алоқа тармоқлари ва Британия ҳаво ҳудудлари, мудофаа тизимлари BAE Systems иншоотлари ҳам бу рўйхатга киритилган.

Би-би-сининг дипломатия масалаларида мухбири Жонатан Маркусга кўра, айни рўйхат Wikileaksнинг ҳозирга қадар чоп этган энг баҳсли ҳужжатидир.

Бошқа ёзишмаларда Wikileaks Якшанба куни Австралия Ташқи ишлар вазири Кевин Руднинг у Бош вазирлиги даврида АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон билан суҳбати тафсилотлари ошкор этилган. Жаноб Руд Клинтон хонимга Ғарб Хитой билан муаммолар чиққани ҳолда Пекинга қарши " куч ишлатишга " тайёр бўлиши керак деб айтади.

Қатар Ал-Жазира телетармоғини Мисрга бир йил узатмаслиги ва бунинг эвазига Президент Ҳусни Муборак Фаластинликлар учун " бардавом тинчлик ечими " тақдим қилиши кераклигини айтган.

Wikileaks шунингдек, Клинтон хонимнинг Саудия Арабистони, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қувайтни жангариликка қарши етарлича курашмаётгани учун танқид қилганини ҳам ошкор қилган. Клинтон хоним, Саудиялик донорлар " дунё бўйлаб сунний террорчи гуруҳларнинг асосий молиявий дастакловчиларидир" деб айтган.

"Террор нишонлари"

Image caption Дунёни ларзага солаётган ҳужжатлар оқими

Мухбиримизга кўра, Wikileaks ошкор этган Америка миллий манфаатлари доирасида саналган иншоотларнинг жуғрофий ҳудуди мисли кўрилмагандир.

Ғарбий Сибирдаги Надим газ қувури " дунёдаги энг ҳаётий муҳим газ иншооти" деб таърифланади.

Бу Россия газини Оврўпога етказишнинг муҳим йўлидир.

Айрим ҳолатларда, дунёдаги баъзи дори-дармон иншоотлари ва ё қон тиббий маҳсулотлари ҳам глобал аҳамиятга эга экани битилган.

Аммо мухбиримизга кўра, ҳамма гап бу иншоотлар террорчилар учун қанчалар муҳимлиги ҳақидаги саволдадир.