Россияликлар энг кўп Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевга ишонишади

Умумроссия омма фикрини ўрганиш маркази олиб борган сўнгги сўров натижаларидан аён бўлишича, россияликлар МДҲ давлатлари орасидан энг кўп Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевга ишонишади.

Рақамларга қаралса, Қозоғистон раҳбарига ишонч изҳор этганларнинг сони сўров иштирокчиларининг учдан бир қисмини ташкил этган.

Иккинчи ўрин Украина Президенти Виктор Януковичга насиб этган. Унга сўралганларнинг 20 фоизчаси ишонч билдиришган.

Украинани Россиянинг ишончли ҳамкори сифатида кўраётганларнинг сони бу йил рекорд даражада, яъни ўзиям 4 фоиздан 21 фоизга ортган.

Яқин-яқингача Россиянинг жонажон иттифоқчиси сифатида кўрилган Беларус раҳбари эса, россияликлар наздида ўзига бўлган ишончни анча йўқотган.

Унга орқа қиладиганларнинг сони 33 фоиздан 16 фоизга тушиб қолган.

Ўтган йилги сўров натижаларида эса, айнан Беларус пешқадамлик қилганди.

Уччовлондан кейин рўйхатни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев (5%), Арманистон Президенти Серж Саркисян (4%), Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов, Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов(2%)лар давом этдиришган.

Молдова, Тожикистон ва Гуржистон президентлари тўплаган овозлар эса, бор-йўғи 1 фоизни ташкил этган.

Россиянинг энг ишончли, энг барқарор ва энг муваффақиятли ҳамкори сифатида ҳам Қозоғистон ҳаммани ортда қолдириб кетган.

Ушбу таснифда ҳам юқори учликка Беларус ва Украина киришган.

Сўров иштирокчиларига кўра, русийзабон аҳолининг ҳуқуқлари энг аввало Беларусда, кейин Қозоғистон ва ундан сўнгра Украинада яхши таъминланган.

Лекин, шунда ҳам, ўтган йилги натижалар билан таққосланса, Беларус мисолида рақамлар тенг ярмига қисқарган ва аксинча, Украинада русийзабонларнинг аҳволи яхшиланди, дегувчиларнинг сони ортган.

Яна шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, россияликлар энг кўп Украина ва Беларуснинг маданиятию тарихига қизиқиш билдиришаркан.

Аммо ўзининг маданияти ва тарихи билан россияликларни ўзига ром этишда Қозоғистон ҳам қолишмас экан. Яъни ушбу таснифда ҳам қозоғистонликлар учинчи ўринни эгаллаб, юқори учликка киришган.