Путин экстремизмга қарши аёвсиз кураш олиб боришга чақирди

Владимир Путин
Image caption Россия Бош вазири экстремизмга қарши кескин курашишга чақирди

Россияликлар билан телефон орқали "жонли мулоқот ўтказган" Россия Бош вазири Владимир Путин "экстремизмнинг барча кўринишларини, улар қаердан чиқмасин, кесиб ташлаш"га чақирган.

Бу ҳақда Владимир Путин сўнгги кунларда Россия ва Санкт-Петербург шаҳарларида юз берган этник тўқнашувларга изоҳ бериш жараёнида гапирган.

"Қафқозликлар ёда бошқа миллат вакилларини қора бўёқ билан чапламаслик керак. Аслида, "қафқозлик" деган миллатнинг ўзи йўқ. Умуман ҳеч бир миллатни қора билан чапламаслик зарур", - деб айтган Россия бош вазири.

Владимир Путин мамлакат фуқароларини Россияда ҳамжиҳатликда яшаган мусулмон ва масиҳийларнинг кўп асрлик тажрибасидан фойдаланишга чақирган.

"Россия фуқаролари, улар қаерда яшашларидан қатъи назар, ўзларини эркин ҳис қилишлари керак. Қафқозликлар Москва кўчаларига чиқишдан, славян миллатига мансуб фуқаролар эса Шимолий Қафқоз минтақасида яшашдан қўрқмасликлари лозим", - дея баёнот берган Владимир Путин.

Бош вазир сўзларига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ишига эътироз бўлса-да, уларни "ерга уриб юбормаслик зарур".

"Акс ҳолда, либерал зиёлилар соқолларини қириб, каска кийиб, ифротийларга қарши жанг қилиш учун майдонга чиқишларига тўғри келади," деб айтган Владимир Путин.

Хавфсизлик амалиёти

Москва Ички ишлар идорасига кўра, пойтахт милицияси чоршанба куни этник тўқнашувларни бартараф этиш амалиёти чоғида 1300 дан ортиқ одамни ҳибсга олган.

Москванинг турли нуқталарида аҳоли Қафқоз минтақасидан бўлган муҳожирлар ва рус миллатчилари ўртасида тўқнашувлар келиб чиқиши мумкинлигидан хавотирда эди.

Милиция мусодара қилган қурол-яроқлар орасида пичоқлар ва пневматик тўппончалар топилган.

Россия Президенти Дмитрий Медведев ўзининг Twitter саҳифасида милицияни "профессионал" иш тутганликда олқишлаган ва улар "хордиқ чиқаришга лойиқ," деб айтган.

Милиция амалиёти ўтган ҳафта юз берган ғалаёнлар ортидан амалга оширилган.

Рус футбол мухлисининг ўлими ортидан минглаб рус миллатчилари ўтган шанба куни Москва марказида намойиш ўтказган эдилар.

Футбол мухлисининг Шимолий қафқозликлар билан бўлган жанжалда отиб ташлангани ишонилади.

Баъзи намойишчилар "Россия руслар учун" деган шиорлар билан қичқирган ва милиция сафларини ёриб ўтишга уринган эдилар.