Британияда террорчиликда гумон қилинган 12 одам ҳибсга олинди

Британия полициячилари
Image caption Амалиётнинг аввалдан пухта режалаштирилгани айтилади

Британия полицияси йирик аксил террор амалиёти чоғида 12 одамни ҳибсга олди. Ҳибсга олинганлар террорчилик амалларини ташкиллаштиришда айбланмоқдалар.

Терроризмга қарши кураш бошқармаси расмийларининг билдиришларича, ҳибсга олишлар ал-Қоидадан илҳомланиб, Британияда режаланган ҳужумларнинг олдини олиш учун ўтказилган.

Ҳибсга олинганлар Кардиф, Сток-он-Трент ва Лондон шаҳарларидан бўлган.

Уларнинг ёши 17 дан 28 га қадар экани хабар қилинган.

Ҳибсга олинганларнинг баъзилари асли Бангладешдан экани айтилади.

Хавфсизлик хизматидаги манбалар ўтказилган амалиётларни "жуда муҳим," дея таърифлаганлар.

Айтилишича, тутиш амалиёти бир неча ҳафтадан буён режаланган.

Ҳибсга олинган шахсларнинг яқинда Швеция пойтахтида ўзини портлатиб юборган британиялик Таймур Абдулваҳоб ал-Абдолийга алоқаси йўқлиги хабар қилинган.