АҚШ Сенати ядровий қуролсизланишга оид янги битимни ратификация қилиши мумкин

Обама ва Медведев янги шартномани ўтган апрел ойида имзолашганди
Image caption Обама ва Медведев янги шартномани ўтган апрел ойида имзолашганди

Америка Сенати Россия билан ядровий қуролсизланишга оид янги битим учун сўнгги бор овоз бермоқда. Бу Start деб номланган янги шартнома ратификациясига йўл очади.

АҚШ ва Россия Президентлари Барак Обама ва Дмитрий Медведев ўтган апрел ойида Чехия пойтахти Прагада имзолаган шартнома совуқ урушдаги собиқ рақибларга стратегик ядровий каллаклар сонини 1550 тага қисқартириш мажбуриятини юклайди.

Бу аввалги битимдагидан 30 фоизга кам, демакдир. Ҳар икки мамлакат қонун чиқарувчилари томонидан ратификация қилинганидан сўнг, битим 1991 йилда имзоланган Start-Стратегик Қуролларни Камайтириш Битимининг ўрнини эгаллайди.

Ҳужум Қуролларини қисқартириш шартномаси 1991 йилнинг охирги кунларида СССР президенти Михаил Горбачёв ва АҚШ Президенти Жорж Буш томонидан имзоланган эди.

Ушбу битимга биноан, Америка Қўшма Штатлари ва Россия шу давр мобайнида ядровий каллакли ҳамда стратегик ҳисобланмаган каллакли ракеталари сонини қарийб ярмига қисқартирганлар.

Унинг амал қилиш муҳлати 2009 йилнинг 5 декабрида якун топган.

Узоқ давом этган музокаралар ортидан икки мамлакат раҳбарлари "Совуқ уруш" давридаги шартнома ўрнини эгаллайдиган янги ҳужжатни имзолашган эса-да, ҳозиргача Сенат янги битимни тасдиқламай келаётганди.

Шартнома ратификация қилиниши учун сенаторларнинг учдан икки қисми дастаги лозим.

Республикачи сенаторлар шартнома Американинг мудофаа имкониятларини чеклашидан хавотир билдиришганди.

18 декабр куни ўзининг ҳафталик миллатга мурожаатида жаноб Обама шартномани зудлик билан тасдиқлаш чақирганди.

Ядровий қуролсизланишга оид янги битимнинг ратификация қилиниши бунинг "ўта муҳим" эканини айтаётган Президент Обама ва демократлар учун ғалаба бўлади.