Австралия шимоли-шарқида сув сатҳи кўтарилишда давом этмоқда

Австралия

Австралия шимоли-шарқида тошқин туфайли сув сатҳи кўтарилиб бораяпти.

Охирги 50 йилдаги энг ёмон тошқинлар ҳозир Франция ва Олмониядан ҳам катта ҳудудни босган.

Табиий офат миллиардлаб доллар зарар келтиргани айтилаяпти.

Австралия жанубида эса ҳалокатли ўрмон ёнғинларидан огоҳлантириш эълон қилинган.

Ёмғир ёғиши тўхтаган бўлиши мумкин, бироқ дарёлардаги сув сатҳи кўтарилишда давом этмоқда.

Сув кўтарилиши Куинслэнд Штатидаги 22 шаҳарни босган.

Минглаб одамлар ўз уй-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Бошқа ҳудуддан узилиб қолган жойларга ҳарбий учоқлар фавқулодда ёрдамларни тарқатаяпти.

Штат раҳбари Анна Блиг сўзларига кўра, сув тошқинларидан 200 мингдан зиёд одам жабр кўрган.