Ходорковский адвокати маҳкама ҳукмини қайта кўриб чиқишни талаб қилди

Михаил Ходорковский
Image caption Михаил Ходорковский Россия ҳукуматининг ашаддий танқидчиси ҳисобланади

Россиялик собиқ нефт корчалони Михаил Ходорковскийнинг ҳимоячиси маблағларни ноқонуний ўзлаштириш айби билан яна 6 йиллик қамоқ жазоси қўшиб берилгани борасидаги маҳкама қарорига қарши аппеляция аризаси билан мурожаат этмоқда.

Ходорковский ва унинг бизнес ҳамкори Платон Лебедев адвокатларининг фикрларича, чиқарилган ҳукм адолатсиз ва қўйилган айбловлар тасдиқ этилмаган.

Россия Бош вазири Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси Михаил Ходорковскийга тайинланган қамоқ муддати пайшанба куни яна 2017 йилгача узайтирилди.

Қўшма Штатлар янги ҳукмни Россиядаги "ҳуқуқ тизимини оёқ ости қилиш", дея қоралаб чиқди.

Олмония канцлери Ангела Меркел, "афтидан бу қарорни қабул қилишда сиёсиф важлар рол ўйнади", деб айтган.

Бошқа Оврўпо мамлакатлари раҳбарлари ҳам Ходорковский устидан янги ҳукмни қоралаб чиқишди. Россиялик инсон ҳуқуқлари фаоли Людмила Алексеева Ходорковский ва унинг бизнес ҳамкори Платон Лебедев ҳукмини қоралади.

"Икки ҳурматли инсонга нисбатан ҳам, мамлакат учун ҳам бу ҳукм даҳшатли ҳукм. Бу фақат икковлан учун эмас. Бу ҳукмдан кейин мамлакатни модернизация қилиш, адлия тизимини инсонийлаштириш ҳақидаги гаплар бир чақага қиммат гаплар бўлиб қолди," деб айтди россиялик инсон ҳақлари фаоли.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса ғарб танқидларини рад этган.

"Россия маҳкамалари сиёсий таъсирдан мустақилдир," деб айтган Сергей Лавров.

Россия парламенти қуйи палатаси - Дума депутати Евгений Фёдоровнинг фикрича, Ходорковский ва Лебедевга чиқарилган ҳукмни Россияда коррупцияга қарши қаратилган "кучли зарба" ҳисобланади.

"Ходорковский иши давлатга солиқ тўламайдиган ва фирибгарлик билан катта пул топаётган Россия миллиардерлари учун сабоқ бўлиши керак," деб айтди Евгений Фёдоров.

Михаил Ходорковский ва Платон Лебедев солиқлардан бўйин товлашда айбдор топилиб 2003 йилдан буён қамоқда қолмоқда.

Маҳкама Ходорковскийни бу гал бир неча миллиард долларга тенг маблағни ноқонуний ўзлаштирганликда айбдор топди.

Айрим кузатувчиларга кўра, Ходорковский ва Лебедев иши Россиянинг халқаро обрўйига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Олдинроқ Президент Медведев жорий йилда Россияга киритилган хорижий сармоя миқдори карийб икки бараварга камайганидан жиддий хавотир билдирганди.