Туркия дипломатик фаолликни кучайтиришга қарор қилди

Аҳмед Довутўғли
Image caption Аҳмед Довутўғли Туркия шон-шуҳратини янада баландлашишга бел боғлаган

Туркия Ташқи Ишлар Вазири Аҳмед Довутўғли ўз мамлакатининг ташқи сиёсати ҳақида баёнот билан чиқди.

Туркиядаги элчиларни Анқарага йиғиб, уларнинг олдида чиқиш қилган жаноб Довутўғли Туркия халқаро саҳнада "доно қария" сифатида амал қилишини айтди.

Анқарадаги Элчиларнинг III Анжуманига дунёнинг турли бурчаклари ишлаётган 180 турк элчиси тўпланган.

Ушбу анжуман Туркиянинг янги сиймосини белгилашдаги муҳим пойдевор сифатида кўрилмоқда.

Анжуман мавзуси: "Назарий дипломатия: Туркия истиқболидаги глобал ва минтақавий тартиб".

Аҳмед Довутўғлига кўра, Туркия ўзини жаҳоний масалаларда ўз сўзига эга, ривожланишларни башорат қила оладиган ва ҳодисаларга муқобил ечим таклиф эта оладиган мамлакат сифатида кўради.

"Туркия инқирозни, ҳали у юз бермасдан туриб, ҳис қиладиган ва унга нозик дипломатик йўллар билан ечим топадиган мамлакатдир," деди Туркия Ташқи ишлар вазири.

Аҳмед Довутўғли турк дипломатиясини ўт ўчирувчиликка ўхшатди ва дунёнинг турли бурчакларида ўт олган алангаларга ошиққани учун ҳам бу истиорага лойиқ эканини айтди.

У турк дипломатларини бўлғуси алангаларни бартараф этувчи шаҳар меморлари сифатида кўришини истади.

Довутўғли Туркиянинг тарихий тажрибаси ва ҳозирги қудрати ҳақида ҳам сўз юритди.

"Туркия янги глобал тартибнинг ўрнатилишини кутиб тура олмайди," деди Аҳмед Довутўғли. -"Янги тартиб ўрнатиладиган бўлса, биз унинг пойдеворини қурувчи мамлакатлардан бири бўламиз".

Туркия Ташқи ишлар вазири мамлакати ўзининг кимлигини яхши билишини айтди.

Унга кўра, Туркия парчаланган дунёни бирлаштириш қудратига эга.

"Марказий Осиёда Маҳмуд Қошғарий тилида ишонч билан гапира олсак, Брусселда ҳам Оврўпо Иттифоқининг асосий тамойилларини баравар мубоҳиса этишга қодирмиз," деди Аҳмед Довутўғли.

Туркия Ташқи ишлар вазири мамлакатининг яқинда Афғонистондаги инқироз ечимини топишда ҳам муҳим нақшани ижро этганини эсга олди.

"Туркия НАТОда ҳар қачонгидан ҳам фаолдир", деди жаноб Довутўғли.

"Бироқ, Туркия бу билан чекланиб қолишни истамайди. Туркия Оврўпо Иттифоқига кириш ҳаракатларини давом эттираверади", дея хулоса қилди Туркия Ташқи ишлар вазири.