Эрон дипломатларни ўзининг ядровий иншоотларига таклиф этди

Image caption Бушеҳр Эроннинг асосий ядровий иншоотларидан биридир.

Эрон расмийлари БМТнинг Атом қуввати бўйича агентлигида аккредитациядан ўтказилган айрим мамлакатлар дипломатларини ядровий иншоотларини бориб кўришга таклиф этганлар.

Хорижий дипломатлар орасида Россия, Хитой, Оврўпо Иттифоқи мамлакатлари вакиллари бор.

Аммо АҚШ мулозимларига ҳам бу таклиф билдирилгани-билдирилмагани аён эмас, дея хабар беришади оммавий ахборот воситалари.

Расмий Теҳроннинг ушбу ташаббуси ҳақида Эроннинг ядровий дастури борасидаги янги музокаралар олдидан эълон қилинган.

Эрон ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси - АҚШ, Буюк Британия, Россия, Франция ва Хитой, шунингдек Олмония вакиллари ўртасида янги мулоқотлар мўлжалланган.

Расмий Теҳрон ўзининг ядровий дастури тинч атом қувватини қўлга киритиш мақсадини кўзлаганини таъкидлаб келади, бироқ Ғарб давлатлари Эрон ядровий қурол ишлаб чиқариш устида ишламоқда, деган хавотирда.

"Бизнинг ядровий иншоотларимизга Оврўпо Иттифоқининг айрим мамлакатлари вакиллари, Қўшилмаслик ҳаракати, шунингдек, "беш плюс бир" гуруҳининг айрим аъзолари таклиф этилдилар", деб айтган Эрон Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Рамин Меҳмонпараст.

Оммавий ахборот воситаларига кўра, дипломатлар орасида Эроннинг Араб мамлакатларидаги иттифоқчилари ҳисобланган мамлакатлар вакиллари бор.

Бушеҳр ва Натанз Эроннинг асосий ядровий объектлари ҳисобланади.

Эрон ядровий дастурини муҳокама этиш бўйича "беш плюс бир" гуруҳи аъзоларининг музокараларини январ ойи охирида Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказиш режаланган.

Бундан олдин 2010 йил декабрида Женева шаҳрида мулоқотлар бўлиб ўтган, уларни Оврўпо Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Кетрин Эштон аҳамиятли музокаралар деб атаган эди.

Эрон хорижий дипломатларга ўзининг ядровий иншоотларини 15-16 январ кунлари бориб кўришни таклиф этгани маълум бўлган.

"Эроннинг ядровий объектларини БМТнинг Атом қуввати бўйича Халқаро агентлиги нозирлари текширишлари лозим, аммо, афтидан Теҳрон нозирларни эмас, дипломатларни таклиф қилмоқда", дейди Би-би-сининг Эрондаги мухбири Жеймс Рейнолдс.

Эронни уранни тўйнтиришдан қайтариш мақсадида БМТ Хавфсизлик Кенгаши бу мамлакатга қарши тўрт марта турли санкциялар жорий этган.

Юқори даражада бойитилган урандан ядровий қурол тайёрлашда фойдаланиш мумкин.

Уранни тўйинтириш билан боғлиқ талабларни Эрон Истанбулдаги музокаралар чоғи муҳокама этишдан бош тортган.