Сўнгги янгиланиш 5 январ 2011 - 16:33 GMT

Би-би-сининг 60 лаҳзалик видеоянгиликлари

Покистонда Салмон Тасир дафн этилди

Пунжоб ҳокими Салмон Тасир Лаҳордаги уйида ўтган жанозага жаноб Гийлоний ва минглаб Покистон Халқ Партияси тарафдорлари иштирок этишган.

Жаноб Тасирнинг тобути ҳарбий ҳудуддаги қабристонга вертолётда олиб борилган.

Хавфсизлик чоралари кучайтирилган ва шаҳар том маънода ёпилган.

Покистондаги энг либерал сиёсатчилардан бири бўлган Тасир жаноблари сешанба куни ўз тан қўриқчиси тарафидан отиб ўлдирилганди.

Қўриқчи сиёсатчининг шаккоклик ҳақидаги қонунга қарши чиққанидан ғазаблангани айтилади.

Суиқасд бутун дунё бўйлаб кенг миқёсда қораланган эса-да, баъзи диний раҳбарлар ҳоким қотилини олқишлашган.

Покистон Халқ Партияси юқори мартабали аъзоларидан бири бўлган ҳоким яқинда шаккокликда айбланиб ўлимга ҳукм қилинган насроний аёлнинг авф этилишини сўраши исломчиларнинг ғазабларини келтирганди.

Покистон Бош вазири Гийлоний мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилган ва одамларни тинчланишга чақирган.

Дунё бўйлаб озиқ-овқат нархлари ошган

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ошкор қилинган рақамларга кўра, ўтган ой озиқ-овқат нархлари рекорд даражага чиққан.

БМТ Озиқ-овқат нархлари индекси агентлигига кўра, бунга шакар, гўшт, нефт ва донли маҳсулотлар нархилари кўтарилгани сабаб экани айтилади.

Нарх-навонинг кескин ошиши 2008 йил ҳам кузатилган, ўшанда бир қатор мамлакатларда норози аҳоли вакиллари зўравонликларга қўл уришганди.

Австралияда сув тошқини

Австралияда юз берган сув тошқинлари кўмир, буғдой ва шаҳар таъминотига таъсир қилган. Бозорда асабийлашув кузатилган, мазкур ҳолат 2011 йил озиқ-овқат билан боғлиқ янги инқирозга етаклайдими деган саволларни ўртага чиқарган.

Австралияда Франция ва Олмония ҳудудига тенг келувчи минтақа ҳамон сув остида қолмоқда. Австралия ярим аср асносидаги энг ёмон сув тошқинини бошидан кечирмоқда

'Исроил Ғазо иқтисодини вайрон бўларлик даражада ушлаб турган'

Викиликс интернет саҳифаси томонидан ошкор қилинган махфий дипломатик ҳужжатларда айтилишича, Исроил Ғазо бўлгасини бошқараётган Хамас ҳаракатига босим ўтказиш мақсадида бўлга иқтисодини вайрон этиш даражасида ушлаб туришга ҳаракат қилган.

Викиликсга кўра, АҚШ расмийлари исроилликлар уларга Ғазо бўлгасида инсоний инқироз келтириб чиқармай туриб, энг паст даражада фаол бўлишини хоҳлашларини билдиришган.

Фаластинликларга кўра, Исроил томонидан қамал қилинган Ғазо амалда қамоқхонага айланган.

Исроилликлар эса, ўтган май ойидан бери Ғазо қамалини анча енгиллаштирганларини айтишади.

Хитойда совуқ об-ҳаво туфайли минглаб аҳоли эвакуация қилинди

Хитойда об-ҳавонинг совуб кетиши оқибатида 58 минг аҳоли ўз уйларидан эвакуация қилинган.

Қалин қор ёғиши ва сувларнинг музлаши туфайли кўплаб йўллар ёпилиб қолган.

Би-би-си мухбирига кўра, расмийлар беш вилоятда мингдан ортиқ уйнинг томлари қулаб тушганини маълум қилишган.

Айниқса, тоғли минтақаларда яшаётганларнинг аҳволлари оғирлиги ва у ерлардан ўн минглаб одамлар олиб чиқиб кетилгани айтилади.

Об-ҳаво мутахассисларига кўра, минтақада совуқ феврал ойи бошларигача давом этади

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.