Малайзияда Бош Имом телевизион конкурс орқали танланди

Image caption Малайзия Бош Имомининг телевизион конкурсда танланишини миллионлаб мухлислар томоша қилдилар.

Мусулмонлар учун махсус "Astro Oasis" телеканали орқали кўрсатилаётган конкурсни уч миллион киши томоша қилди.

Телевидение орқали конкурслар охирги йилларда жуда оммавийлашиб кетди. Лекин исломий каналда бу каби кўриниш ҳозирча янгилик. Конкурсда ғолиб чиққан шахс Малайзия миллий масжидида имомлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Конкурс қатнашчиларининг диний билим ва анъаналардан не қадар хабардор эканликлари синовдан ўтказилади. Ҳар ҳафта уларнинг ўнгига янги вазифа қўйилади. Масалан бир ҳафта ҳомиладор ўсмир қиз билан қандай йўл юритиш кераклиги сўралса, кейинги ҳафта жасадни қандай қилиб дафн қилиш учун тайёр этиш тафсилотлари сўралади.

Конкурс тамошабинларга диний раҳбар бўлиш учун ўтиш керак бўлган синовлар не қадар мураккаблиги ҳақида тасаввур беради.

Кўрсатув муаллифларининг умид қилишларича, имомларнинг омма ўнгида танланиши уларни тақводорларга яқинлаштиради ва кўринишича бу мақсадга эришилмоқда ҳам.

Дастлабки конкурс ғолиби Асирафнинг айтишича, кўрсатувдан сўнг кўплаб ёш мусулмонлар унинг Facebookдаги саҳифасига Ислом ҳақида саволлар сўраб мурожаат қилдилар. Конкурсдан аввал эса бу каби саволларни кўтариб чиқишдан ҳайиқиб турган бўлишлари мумкин эди.

Аммо Малайзияда мусулмон жамоасининг баъзи вакиллари Бош имомни танлаш учун бу каби конкурсни у қадар ҳам қўлламаяптилар.

Малайзия мўътадил исломий давлат бўлса ҳам Бош Имом мавқеи ўта муҳим кўрилади. Шунинг учун конкурс тамошанбинларига Имом учун овоз бериш ҳуқуқи берилмаган. Фақатгина диний уламолар келгуси Бош Имом ким бўлишини ҳал қиладилар.

Конкурсни уюштирган "Astro Entertainment" ширкати раҳбарига кўра, бу кўрсатув Исломий билим ва кўнгил очар тамоша қоришмасидир.

Унга кўра, конкурсни Яқин Шарқ мамлакатларидан тортиб АҚШгача мухлислар тамоша қилганлар.

Шунинг учун келгуси конкурсда малай тилида гаплаша оладиган ёши 28га қадар бўлган ҳар ким қатнашиши мукинлиги эълон қилинди.

Бу эса ўз навбатида жуда соғлом рақобатни туғдириб, Малайзиянинг келгуси Бош Имоми мавқеига лойиқ шахс танланиши имконини беради.