Худкуш ҳужумчи Қандаҳордаги ҳаммомни нишонга олди

Image caption Афғонистонда худкушлик ҳужумлари охирги вақтларда тез-тез рўй бериб турибди

Афғонистоннинг жанубий Қандаҳор шаҳрида жойлашган ҳаммомлардан бирига қилинган худкушлик ҳужумида камида 17 инсон нобуд бўлган.

Покистон билан чегарага яқин Спин Бўлдак шаҳарчасида амалга оширилган худкушлик амалиётида 20дан ортиқ киши тан жароҳати олган.

Расмийлар портлашни содир этган шахс ҳаммом ичкарисидаги полиция қўмондонини нишонга олганини айтишади.

Портлаш ҳаммом жума намозига ҳозирлик кўраётган одамлар билан тўла бўлган маҳал амалга оширилган.

"Худкуш ҳужумчи Спин Бўлдакда кўкрагига боғланган портловчи воситаларни портлатиб юборган", деб айтган чегара полицияси расмийси Генерал Абдул Раззоқ ахборот воситаларидан бирига.

Спин Бўлдакдаги афғон жосуслик манбаъларига кўра, Би-би-си билан суҳбатда Рамазон исмли маҳаллий полиция қўмондони ҳар доим жума намозидан олдин шаҳарчанинг асосий йўлида жойлашган ҳаммомдан фойдаланиб келганини айтади.

Қандаҳор ҳокимлиги ҳужумни Исломга зид амал дея қоралаб чиқди.

"Ушбу ваҳшиёна ва ноинсоний амал Ислом ва башарият душманларининг иши", деб айтган ҳокимлик расмийси Залмай Аюбий.

Кобулдаги президентлик идорасига яқин манбаъларидан бирининг Би-би-сига айтишича, ушбу 2011 йилда кузатилаётган энг ҳалокатли ҳужум Президент Ҳомид Карзай тарафидан қораланган.

Афғон армияси ва полиция кучлари алал-оқибат халқаро кучлардан масъулиятни олишлари кутилмоқда.

Ҳаммомга қилинган ҳужум Афғонистондаги хавфсизлик муассасаларига амалиётларнинг сўнгисидир.