'Покистондаги инқироз қоқ марказида турган насроний аёлнинг ҳаётидан хавотирлар'

Осия Биби ва Салмон Тасир

Британияда чоп этилувчи "Гардиан" газетасида чоп этилган мақолада сешанба куни Покистонда Панжоб ҳокими Салмон Тасир отиб ўлдирилиши ортидан шаккокликда айбланиб ўлимга ҳукм қилинган насроний аёл Осия Бибининг хавфсизлигидан хавотирлар ҳақида сўз боради.

Ўтган ноябр ойи Пайғамбар Муҳаммадни ҳақорат қилишда айбдор топилган аёл осишга ҳукм қилинганидан сўнг, Панжоб ҳокими уни қамоқхонага бориб кўрган ва Осия Бибини авф этишни сўраганди.

Айни пайтда ҳоким Покистондаги шаккоклик ҳақидаги баҳсли қонунга ҳам қарши чиққанди.

Салмон Тасирнинг бу ишидан ғазабланган тан қўриқчиси уни отиб ўлдирди.

"4 фарзанднинг онаси Осия Биби қамоқхонадаги алоҳида ҳужрада сақланмоқда, дейилади мақолада. Унинг жиноятлари ҳақида тафсилотлар кам, аммо агар ўлим жазоси амалга оширилган тақдирда ҳам бу ҳали-вери кутилмаётган эди.

Насроний хайрия ташкилотларидан бири ходими Шаҳзод Камронга кўра, энди Осия Биби жаллоднинг қўлига етмаёқ бирон бир ақидапараст томонидан ўлдирилиши мумкин".

"Уни қамоқхона қўриқчилари ўзлари ҳам ўлдириб қўйишлари мумкин", дейди Шаҳзод Камрон.

"Жаноб Камрон Салмон Тасирнинг ўлдирилиши Осия Бибининг юрагини қон қилишини кутганини айтади. Чунки, у Осия Бибининг энг таниқли ҳимоячиси эди", дейилади мақолада.

Айни пайтда муаллиф Панжоб ҳокимининг жонига қилинган суиқасд ортидан Покистондаги насронийлар ўзларини хавфсиз ҳис қилмай қўйганларига ишора қилади.

Мақолада 1990 йилдан бери камида ўн нафар шаккокликда айбланиб маҳкамасини кутаётган маҳал ўлдирилгани қайд этилади.

Салмон Тасирни ўлдирган тан қўриқчи Мустафо Қодирий эса, ҳозиргача икки бор маҳкамада ҳозир бўлган. У терговчиларга Салмон Тасирни шаккоклик ҳақидаги қонунни ўзгартиришга чақиргани учун ўлдирганини айтди. "Тасир жаноблари Осия Биби ва бошқа юзлаб бошқа Покистондаги диний озчиликларни ҳибсга олишда фойдаланилган қонунни "қора қонун" деб атаган эди", дейилади мақолада.

Мақола муаллифи Қодирийнинг иши Покистонда икки хил муносабатга сабаб бўлганини айтаркан, ҳодиса Покистондаги хавфсизлик хизматлари интеграцияси ва энг қудратли шахсларни қўриқлаш борасида жиддий саволларни ўртага ташлашини айтади.

Айни пайтда инсон ҳуқуқлари фаоллари Қодирий устидан маҳкамага эътибор Осия Бибининг ҳукмга қарши аризаси адолат билан кўриб чиқилишига халақит бериши эҳтимолидан хавотир билдирадилар.

Покистондаги Инсон ҳуқуқлари комиссияси расмийсидан иқтибос келтирилишича, мамлакатда "мазкур масала юзасидан баҳсу мунозаралар шу қадар авж олганки, бу шундоқ ҳам анъанадор бўлган ҳакамларнинг қарашларига таъсир қилиши мумкин".

Покистонда кечаётган ушбу ҳодисаларга муносабатингиз қандай? Фикру мулоҳазаларингизни bbcuzbek.com га йўлланг