'Мусулмонлар учун жинсий тарбия' китоби ғазаб билан кутиб олинди

Доктор Ахтар Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Жинсий тарбия ҳақида гапириш боланинг жинсий фаол ва ё ахлоқсиз бўлишига олиб келмайди, дейди муаллиф

Доктор Мубин Ахтар покистонликларга жинсий тарбия бериш истагида эди. Аммо, унинг сўнгги уриниши баҳсу мунозараларга сабаб бўлди.

Мубин Ахтар ўзининг "Мусулмонлар учун жинсий тарбия", деб номланган китобини чоп қилди. Унда одамларга Исломий кўрсатмалар асосида жинсий тарбия бериш мақсад қилинган.

81 ёшли Доктор Ахтарга кўра, Покистонда жинсий муносабатлар ҳақида гапирилмаслиги жиддий оқибатларга олиб келмоқда. У руҳшунос ўлароқ ушбу китобини ёзиш зарурати бор эканини ҳис қилган.

"Бу бизнинг мамлакатимизда йирик муаммо", дейди у.

"Ўсмирлар, айниқса, ўғил болалар, балоғат ёшига етишар экан ва ушбу жараёнда юз берадиган ўзгаришларни қандайдир бир хасталик, деб билишади", дейди у.

'Эсанкираш'

Доктор Ахтар ўз фаолияти давомида танасидаги ўзгаришларни тушунмай асабий ҳолатга тушиб қолган ўсмирлар ва ҳатто ўз жонига суиқасд қилиш ҳолларига дуч келганини айтади.

"Мен ўзим бу босқични бутун хавотирлар билан босиб ўтганман ва бошқа билан бу ҳақда гаплаша олмайсиз. Бу аслида нотўғри фикр. Мен ана шундай тушунчалар нотўғри эканини тиббиёт коллежига кирганимдан кейин билганман", дейди у.

Image caption Китобнинг инглизча нашри 'Мусулмонлар учун жинсий тарбия' деб номланди

Унинг айтишича, Покистонда ҳатто ҳозир ҳам кўплаб шифокорлар жинсий масалаларни очиқчасига мубоҳаса қилмайдилар. Ўқитувчилар ва ота-оналар бу мавзуда гапиришни уятли, деб билишади.

Ҳукумат мактабларида эса, жинсий тарбия дарслари ўқитилмайди.

Доктор Ахтарга кўра, анъанадор Покистон жамиятида жинсий тарбияга оид бирон бир қўлланма кўрмаганини айтади. Ва у айни мана шу ҳол ёшларни "Исломга зид" йўл тутишга рағбарлантирмоқда деган фикрда.

"Улар мендан қачон жинсий тарбияни бошлаш кераклиги ҳақида сўрайдилар. Мен эса, болаликданоқ ушбу мавзуда гаплашиш мумкинлигини айтаман. Болаларга бошқа тана аъзолари - қўллар, қулоқлар ва бурун ўргатилганидек, жинсий аъзоларнинг номлари ҳам ўргатилиши керак", дейди Доктор Ахтар.

"Каттароқ бўлганларида улар бола қаердан пайдо бўлиши ҳақида сўрайдилар ва сиз буни ҳам айтишингиз мумкин. Бу нарса боланинг жинсий фаол ва ё ахлоқсиз бўлишига олиб келмайди", дейди у.

Доктор Ахтарнинг сўзларига кўра, жинсий муносабатларни мубоҳаса қилиш Исломга зид нарса эмас.

Ва у одамларга ёрдам беришнинг энг яхши йўли - китоб ёзиш деган фикрга келган. У китобида жинсий тарбия асосларини Исломий нуқтаи назардан ёритишга уринади.

"Мен Қуръон, Исломий қонунлар ва диний олимлар бу ҳақда нималар дейишганини ўргана бошладим. Ҳамда мен Исломда жинсий муносабатлар ҳақида жуда кўп нарса борлигини англадим".

Бу эса, ким учундир ҳайратланарлидир.

"Пайғамбар Муҳаммаднинг жинсий муносабатлар ҳақидаги гаплари бор ва тарихий манбаъларда унинг ҳам аёллар ва ҳам эркаклар томонидан айни мавзуда берган саволларга жавоб бергани хусусида айтилади".

Доктор Ахтарнинг китобида Пайғамбар Муҳаммаднинг сўзларидан, шу билан бирга Қуръони Каримдан иқтибослар келтирилади.

Масалан: "Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди. Улар сизларнинг либосингиз, сизлар улар учун либоссиз (яъни эр-хотин бир-бирига киши либосга муҳтож бўлгани каби муҳтождирлар)". (Қуръони Карим, Бақара сураси, 187-оят)

Айбловлар

Доктор Ахтар жинсий тарбияга оид бошқа мавзулар қаторида истимно (мастурбация), эр-хотин ўртасидаги муаммолар, ғусл борасида ҳам сўз юритади.

Аммо, кўплаб покистонликлар Ахтар жанобларининг китобини номақбул деб топишган.

У китобнинг инглизча нашри "Мусулмонлар учун жинсий тарбия" деб номлаган. Урду тилида чоп этилган шакли эса, "Ёшлар учун аҳолида муаммолар" деб аталади.

Аммо, китобнинг номини ўзгартириб, унинг жарангдорлигини пасайтиришга уриниш ҳам айримларни тинчлантира олмади.

"Менга таҳдидлар қилинди. Ҳатто шифокорлар мен ўзгача фикрлаш, фирибгарликда айблашди", дейди у.

"Вилоят сиёсатчиси мени идорасига чақириб, мен одамларни порнографияга рағбарлантираётганимни айтди. Унга мен бунақа нарсани қилмаётганимни тушунтирдим".

Доктор Ахтар жуда кам сонли китоб дўконлари унинг китобини сотиб олиш истагини билдиришгани ва ё бирон бир газета пулга бўлса-да, китобни тарғиб қилишга рози бўлмаганини айтади.

"Бу жуда қайғули муносабат. Кўплаб ёшларимизни кераксиз руҳий азобга қўядиган масалага нисбатан жоҳилона қараш. Биз буни ўзгартиришимиз керак. Мен одамларни босқичма-босқич, нозик идрок билан тарбиялаш ҳақида гапирдим холос. Аммо, бугун биз ҳатто буни қилаётганимиз ҳам йўқ".

Сизнингча, жинсий тарбияга оид китоблар керакми? Бундай китоблар Сиз фарзанд тарбия қилаётган жойда етарлими? Сиз жинсий тарбия қайси ёшдан бошланиши керак, деб ўйлайсиз? Мактабларда жинсий тарбияга оид дарслар ўқитилишига қандай қарайсиз? Бу борадаги фикру мулоҳазаларингизни bbcuzbek.com га йўлланг

Мусофир

Доктор Мубин Ахтар жаноблари тўғри муаммони ойдинлатишга ҳаракат қилаётган экан, раҳмат, Аллоҳ ундан рози бўлсин, динимизда (Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмас дейдилар) шунинг учун, бу масалани ойдинлатишимиз керак. Сабаби, кўпчилик ёшларимиз тушунмайди, ... қонун-қоидаларини билмайди. Бу нарсаларни аста-секин ёритишимиз керак, бирданига қилсак ҳам тўғри келмайди. Чунки, баъзи бир одамлар нотўғри тушунишади.

Odilbek

Balog'at yoshiga etib kelayotgan har bir bola uchun jinsiy tarbiya juda muhim, albatta. Lekin, bu tarbiya oilada ota - onalar tomonidan o'rgatib borilgani ma'qul, deb uylayman.

Исм берилмаган, Россия

Менимча, ҳозирги ёшлар ҳамма нарсани билади.

S, London

Menimcha, Islomda bu mavzuga qanday qaralishi yoki nimalar deyilganligini o'rganish juda muhim. Lekin, men o'g'lim yoki qizimga yoshligidan bu mavzularni gapirmagan bulardim. Qachonki, ularning yoshi o'sha o'tar yoshiga etganidan keyin sekin tushuntirilishini istardim. Lekin, bunday kitoblarni ularni o'zi olib o'qiganda qanday interpratasiya qilishini bilmaysiz, shuning uchun ham uni kattalar o'qib ma'nosini tushuntirsa, manimcha, yaxshi buladi.