"Приморье партизанлари" ва милиция ўртасидаги жангга нима сабаб бўлди?

Image caption Ҳужумчиларнинг охирги видео мурожаати улар ўрмонда яширинган вақтда ёзиб олинган

Россия милициясини оддий халқ погон таққан махлуқлар дея тамғалаган. Милиционерлар содир этаётган жиноятлар кўлами шунчалик йирикки, ҳатто Бош Вазир Путиннинг ўзи ҳам ҳуқуқ-тартибот ходимларидан шикоят қилган. Унинг айтишича, оддий фуқаро милиционерни кўрса, кўчанинг нариги бетига ўтиб олади.

Аммо, ўтган йил Приморье вилоятида яшовчи олти ёш йигитдан тузилган гуруҳ милицияга қарши курашишга аҳд қилди. Улар имқонқадар кўпроқ милиция ходимини ўлдириш мақсади билан партизан урушини бошлашди.

Ҳозирда баъзилари қўлга олиниб, қамоқда сақланаётган ҳужумчиларнинг нима учун бу каби ғайриоддий амалга қўл урганини билиш мақсадида Ибрат Сафо уларнинг она қишлоғи Кировскийга сафар қилган.

"Сиз - ҳақиқий жиноятчиларсиз... Сиз наркотиклар савдосини, фоҳишабозлик ва ўрмондаги дарахтларни ўғирлаб сотадиганларни ўз қанотингиз остига олгансиз."

Ҳарбий устбошларни кийиб олган тўрт йигит титраган видео камерага мурожаат этишмоқда.

Бири белигача ечиниб олган, бири майкачанг, яна бири ички иштонида, қўлида тўппонча. Бошқалари милтиқ ушлаб олишган. Давлат матбуотида "миллатчи тақирбошлар" ва "бандитлар", халқ орасида эса "Приморье партизанлари" дея ном олган бу болаларнинг нишони - милиция.

"Биз - оққўнгил одамлармиз, сизлар эса газандалар. Биз сиз билан охиригача курашамиз. Cиздан қўрқмаймиз, чунки адолат биз томонда."

Приморье партизанларининг охирги суҳбати деб номланган бу видео интернетда икки ойча аввал пайдо бўлди. Уни бир неча бор интернет саҳифаларидан олиб ташлашганига қарамай, қайта-қайта қалқиб чиқаверди...

Ҳамманинг тилидаги савол, наҳотки бир қишлоқ милициясининг ўзбошимчалиги олти йигитни қўлига қурол олишга мажбурлади?

Image caption Партизанларнинг энг ёши Роман Савченко мактабни энди битирганди

Партизанлар оилалари нимадан норози?

Москвадан Владивостокка саккиз соатлик парвоз ортидан, таксига миниб, яна беш соатлик йўлга чиқдим. Йўлнинг икки томони ҳам бепоён текислик, далаларни, йўл четидаги зовурлар ва узоқдаги ўрмонларни илк қор қоплаган... Чап томонимда Хитой чегараси...

Мени Кировский шаҳарчасида партизанларнинг энг ёши, 17 яшар Роман Савченконинг отаси Владимир Николаевич кутиб олди.

У мени шўро давридан қолган эски тўрт қаватли бинонинг биринчи қаватидаги хонадонига таклиф қилди.

Аёли бизга чой дамлар экан, Владимир Николаевич мени ошхона қаршисидаги хонага бошлайди.

Романнинг ётоқхонаси... Каравотда роман болалагида ўйнаган ўйинчоқлар, устар устида мактаб винеткаси учун тушган суратлари, деворда эса бешта тилла медал осилган. Владимир Николаевич ўғли жуда яхши спортчи бўлгани, айниқса кикбоксингни яхши кўрганини айтади.

Отасининг фахри бўлган бу ўсмир қандай қилиб қуролли ҳужумчига айланди?

Владимир Николаевич бутун можаро ўтган баҳорда бир уйга ўғри тушиши ва милиция Романни ўғри деб шубҳа қилишидан сўнг бошланди дейди.

"Уни ўт ўриш ускунаси ва бир аррани ўғирлашда айблашди. Мен айтдим, нима қилади у буларни ўғирлаб, уйимда борку ҳаммаси. У ўғирламаган, лекин милиция ўша айбни унинг бўйнига қўймоқчи бўлди. Милицияхонага олиб бориб, роса дўппослашган. Шунча ура-урдан кейин бориб, ана ўша бошқа болаларга қўшилиб кетди," - дейди у.

"Мен ундан ҳеч нима аямасдим. Биринчи турмушимдан кўрган ўғлим Виталий ҳам ўзи милицияхонада ўлган."

Аста секин Савченколарнинг митти меҳмонхонаси бошқа партизанларнинг қариндош ва яқинлари билан тўлди. Улар ҳам ўз ўғиллари, акалари ва қаллиқлари милициядан қандай азоб чекканини ҳикоя қилишни исташади.

Image caption Романнинг отаси спортчи ўғлининг ютуқлари билан фахрланарди

Тортиниб гапираётган 50 ёшлардаги Сергей Сухорада Романнинг ўртоғи Андрейнинг отаси. У ўғлининг муаммолари ҳали мактабдалигида бошланганини айтади. Ўсмирлар қишлоқ бўйлаб байроқ кўтариб юрмоқчи бўлишган экан.

Ўн уч яшар болалар кўтармоқчи бўлган байроқ Россия байроғи бўлмаган. Унда свастика белгиси бўлган. Бу фашизм белгиси бутун дунёда, айниқса Гитлерга қарши жангда миллионлаб фуқаросидан айрилган Россияда кўпларни ҳафа қилиши мумкин.

Лекин, Владимир Николаевич тушунмовчилик бўлганди дейди.

"Менимча, бу ҳиндча белги бўлган, ҳиндларнинг свастикасида тўртта қирранинг учи бошқа томонга қайрилган. Бу болалар шунақа ҳиндча нарсаларга қизиқишарди, йога, абадий ҳаёт дегандек..."

Лекин ўғлингизни миллатчи тақирбош бўлган дейишади, келгинди арман ва осиёликлар ҳамма иш ўринларини эгалламоқда, дея чиқишлар қилган экан. Бу тўғрими?

"Роман бундай демаган. Тақирбошлар ўзи фашист ташкилот, улар миллатчилар. Улар Россия руслар учун, Арманистон арманлар учун дейишади. Менинг ўғлим ундай ҳаракатнинг аъзоси бўлмаган. Бизда, Приморьеда Марказий Осиёдан, Қофқоз, Хитойдан одамлар кўп. Агар болалар тақирбош бўлганларида, ана ўшаларга ҳужум қилишарди. Лекин уларнинг нишони фақат милиция бўлган," - дейди Владимир Николаевич

Шу онда Андрей Сухораданинг шаддод синглиси Наташа суҳбатга қўшилади.

"Ўша байроққа боғлиқ воқеадан кейин Кировскийда нима тартибсизлик бўлса, милиция бу болаларнинг уйига келиб, уларни идорага олиб кетарди. Олиб бориб, ҳар ҳил жиноятларда айбларди. Кейин бир қамоқхонага олиб кириб, қийнашарди, бошларига противогаз ё қора пакет кийдириб, ичига сигарет тутунини пуфлашарди. Яшашга кун беришмади!"

Партизанларнинг қариндошларига кўра, айнан мана шу каби шафқатсиз муносабат энг ёши 17 ва каттаси 22 ёшда бўлган олти йигитни экстремал чораларга мажбурлаган.

Наташанинг даъво қилишича, акаси Андрейни милиция икки йил аввал ўлгудек дўппослаб, қиш чилласида, ярим яланғоч, 10 чақирим узоқдаги ўрмонга ташлаб кетган. Чалажон холда Андрей бир амаллаб уйига етиб олган. Оиланинг прокуратура ва маҳаллий милицияга йўллаган шикоятлари жавобсиз қолган.

Расмий раддия

Image caption Наташа Сухорада акаси Андрейни милиция уриб, ўрмонга ташлаб кетганидан сўнг, у ўч олишга қаттиқ бел боғлаганига ишонади

Мен маҳаллий аҳоли билан ҳуқуқ тартибот ходимлари орасидаги муносабат нимага бунчалар ёмонлашиб кетганини билишга уриниб, махаллий милиция биносига бордим.

Қўриқчи истар-истамас кимгадир қўнғироқ қилди ва 15 дақиқалардан сўнг дипломат кўтариб олган бўйи паст, дўмбоқ киши эшикда пайдо бўлди. У ўзини Кировский шаҳарчаси милициясининг раҳбари, Майор Скиба деб таништирди ва мени юқори қаватга ундади.

Майор Скиба интервью ёзиб олишимга рухсат бермади ва барча юкларимни эшигининг ташқарисида қолдиришимни сўради. Аллақачон қуёш ботаётганди, лекин у чироқни ёқмай, мен билан қоронғида суҳбатлашди.

Чарм креслосининг ортида Президент Медведевнинг портрети осиғлиқ турарди.

У мен кўрган оилаларнинг милициядаги дўппослашлар борасидаги барча даъволарини рад қилди ва оммадан тушган ҳар қандай шикоят текшириб чиқилишини айтди.

Сўнг компютерини ёқиб, менга бир қатор видео клиплар ва суратларни кўрсата кетди.

Видеоларнинг бирида йигитлар Кировский бўйлаб машинада сайр қилишаётгани, милиционерлар ва йўловчиларга қор отиб, уларни хақоратлаётгани намоён бўлади.

Уларнинг Оллоҳу Акбар дея қичқирашаётганини ҳам эшитасиз. Майор Скиба менга улар милтиқ ушлаб, кўрсаткич бармоқларини осмонга ўқтаб турганлари тушган суратларни ҳам кўрсатди.

Партизанларнинг охирги видеосида Андрей Сухорада биз на федерал, ё на маҳаллий қонунларни тан оламиз дейди. Ва у, ўз таъбирича, Шимолий Қофқозда кураш олиб бораётган олийжаноб инсонларга салом йўллайди.

Аммо, агар Андрей ва унинг дўстлари ҳақиқатан ҳам миллатчи тақирбошлар бўлишса, унда нимага Чеченистондаги исломий жангариларга салом йўллашаяпти? Бу мантиққа тўғри келмайди...

Ё балки бу болалар шунчалар ғазаб отига минганмидики, Россия давлатига қарши бўлган ҳар нима ва ҳар ким билан иттифоқчи бўлишга тайёрмидилар?

Ҳужумлар

Image caption Видеоклипда Сухорада пичоқланган милиционернинг гувоҳномасини силкитиб мақтанади

Партизанлар ўтган йил февралида Владивостокда илк ҳужумни амалга оширдилар. Улар бир давлат автомобиль назорати зобитини отиб ўлдириб, иккинчиси яралашган ва Макаров тўппончасини ўғирлашган.

Уч ой ўтиб, улар Кировскийдан 40 чақиримча узоқликдаги Ракитное қишлоғида бир навбатчи милиционерни пичоқлаб ўлдиришган, унинг идорасидаги устбошлар ва рацияларни ўғирлашган, сўнг идорага ўт қўйишган.

Ундан кейин бир неча кун давомида олтовлон яқин қишлоқларда ҳужумлар амалга ошириб, яна уч милиционерни яралаганлар.

"Биз аллақачон ғалаба қозондик, чунки биз ўзимидаги қўрқув ва юраксизликни енгдик," - дейди Андрей видео мурожаатида.

Приморье тайгасида яширинган партизанларнинг бу видео мурожаатида гуруҳ лидери Александр Ковтун тўғридан-тўғри милицияга мурожаат қилади.

"Биз сиздан қўрқмаймиз, жанг қилишда давом этамиз. Бу тўсатдан бўлаётган нарса эмас. Йўқ. Биз яхшилаб режа ишлаб чиққанмиз, сиз, бандитларни ўлдириш учун."

Андрей Сухорада сўнг Ракитное қишлоғида маст бўлиб ётган навбатчи милиционерни қандай қилиб пичоқлаб ташлашганини тасвирлайди. Кейин у "биз сейфни очсак, қурол-аслаҳа эмас, водка топдик холос" деб шикоят қилади ва марҳум милиционернинг ҳужжатини камеранинг олдида силкитиб мақтанади.

Мен партизанлардан яна бири Максим Кирилловнинг онасидан бу қонхўр амалга муносабатини сўрайман.

"Улар мақтанишмаётганди. Улар нима ишлар қилганлари, ҳам яхши ва ҳам ёмон қилмишларини ҳисобот сифатида санаб ўтишган. У милиционерни эса чўчқадек маст бўлиб ётганди деб айтишган,"

Албатта, милиционер ишда маст бўлиб ётиши яхши эмас, лекин бу уни пичоқлаш учун сабаб эмаску, тўғрими?

Image caption Кировскийда ёшлар шуғулланиши мумкин бўлган иш кўп эмас

"Биз ҳам буни эшитганимизда, ларзага келдик. Болаларимиз маҳаллий милициядан ҳафа бўла туриб, умуман бошқа бир милиционерни топиб ўлдиришганига ишона олмадик... Лекин улар ҳамма милиционерлар бир гўр, ҳаммаси бир золим жамоанинг аъзоси деб, шу битта золимга қарши курашишга ахд қилишган," дейди она.

Ҳибслар

Партизанларни қидириб Приморье тайгасини тит-пит қилган Кировский милицияси охири Владивостокдан танклар ва тикучарларни чақиртирди. Милиция партизанларни Хитой чегарасига яқин Уссурийск шаҳридаги бир хонадондан топди.

Уларнинг иккиси хонадондан ташқарида қўлга олинди. Юзлаб махсус қўшин аскарлари тўрт партизан қолган хонадонни ўраб олдилар.

11 июнда тўртовлон ва милиция ўртасидаги отишма уч соат давом этди. Отишмада бир неча милиционерлар жароҳат олдилар. Гуруҳ лидери Александр оиласига қўнғироқ қилиб, икки дўсти ёнида ўлиб ётганини айтди. Оилаларининг кўз ёши ва илтижоси сабабми, икки омон қолган партизан охири таслим бўлдилар.

Халқ дастаги

Эхо Москвы радиостанцияси ўтказган оммавий фикр сўровига кўра, 70 фоиз россияликлар партизанларни қўллаб-қувватлашади. Кўпчиликнинг фикрида, милицияни жиловлаш вақти келди.

Мен Владивостокда ўзимнинг мустақил сўровимни ўтказишга қарор қилдим. Аввалига денгиз бўйидаги истироҳат боғида сайр қилаётган икки денгизчи талабадан партизанларни нима учун шундай йўл тутишганини тушунасизми, деб сўрадим.

Image caption Уч соатлик отишмадан сўнг Александр Ковтун айвонга чиқиб, қуролини улоқтирди

"Йўқ, мен тушунмайман. Билмайман, нимага бундай қилишди?" - дейди бири.

"Мен тушунаман уларни. Милициянинг одамларга муносабати нотўғри. Улар ҳеч қандай сабабсиз ҳар кимни олиб кетиб қамоққа тиқиб қўйишлари мумкин," - дейди иккинчи денгизчи.

Демак милиция шундай хужумга лойиқ деб биласизми?

"Ха, лойиқ деб биламан. Агар одамларга тўғри муносабат қилганларида, одамлар ҳам уларга нормал қарарди. Шунча милицияга олти бола қарши чиққани бу жасорат," - дейди у. Сўнг Осиёдаги энг Владивостокдаги йирик автомобиль бозорига йўл олдим. Бу бозор тадбиркорлари анча сиёсатдан хабардор. 10 йил аввал улар Путиннинг хориж автомобилларига қўйиладиган янги солиғига қарши йирик намойиш ўтказгандилар.

Яшил Маздада ўтирган бир йигитни суҳбатга тортдим.

"Тўғри қилишган, чунки милиция бу қонунийлашган бандитлар-ку. Бир дўстимни милиция бекатида роса уришган. Лекин у кейин ўчини олди. Пулини берсанг, ундай милиционерлар билан шуғулланадиган махсус одамлар бор, қоронғу бурчакда пойлаб турадида, бошига туширади. Бошқа йўли йўқ улар билан курашишнинг, улар қонун ҳимоясида," - дейди бу ҳайдовчи.

Мен чой ичиб турган ёши каттароқ кишидан ҳам фикрини сўрайман.

"Бу ёшларни шундай йўл тутишга мажбурлашган. Улар шундай руҳий бир вазиятга тушиб қолишганки, курашишдан бошқа йўл қолмаган," - дейди у.

Ким қурбону, ким ҳужумчи?

Партизанлар қўлга олинганидан бери Ички Ишлар Вазирлиги шунга ўхшаш ҳужумлар Владивосток, Астрахань, Сочи, Санкт-Петербург ва Москвада такрорланганини тан олди.

Image caption Владивостокда "Приморье партизанлари, таслим бўлманг!" деган ёзувлар кўпайди

Етакчи криминолог милиция энди ўз вазифаси давлат номидан халқни жазолаш эмас, балки оддий фуқарони жиноятлардан ҳимоя қилиш эканини англаб етиши керак деди.

Президент Медведев таклиф қилган янги қонун 1 мартдан кучга кириши кутилади, қонунга биноан милиция энди полиция деб номланади. Аммо, кўп мустақил кузатувчилар янги қонун эмас, янги авлодгина милицияни ўзгартира олади, деган фикрда.

Кировскийга қайтганимда, мени Андрей Сухораданинг қаллиғи Марина кутиб олди. Отишмада ҳалок бўлган икки партизандан бири Андрей бўлган. Марина менга унинг қабрини кўрсатишни истаган экан.

Ҳувиллаган қабристондан Андрейнинг қабрини топдик. Қабрни гулчамбарлар босиб кетганди.

"Кимдан шунча гулдаста?" - деб сўрайман.

"Биз, яқинлари олиб келганмиз... Андрейнинг танишлари, ота-онаси, ўқитувчилари, баъзиларида умуман биз танимаган одамлар гул олиб келишади. Бировлар ҳатто унинг музқаймоқ яхши кўрганини билиб, музқаймоқ олиб келишади... Мана бу гуллар дўстларидан, мана буниси бувисидан...

"Сиз турмуш қуришни режалаган экансиз?"

"Ҳа, март ойида унга турмушга чиқишимни сўраганди, августда никоҳдан ўтмоқчи эдик."

"Сиз афсусланасизми у шундай гуруҳга қўшилганидан?"

"У ўзи жақида жар солишни истагани, мавжуд муаммоларга эътиборни қаратишга уринганидан афсусланмайман. Аммо, афсус, у бу йўлда ўз жонидан айрилди. У соппа-соғ, тетик, келишган йигит эди, ҳали бутун умри олдида эди... Лекин, у жамиятга керак эмасди, ва у мана шундай усулни танлаб, қаранг, одамлар авлоддан авлодга мана шундай вазиятга чидаб келишаяпти демоқчи бўлди..."