"Аҳолининг милицияга бўлган ишончсизлиги нафратга айланмоқда"

Image caption Наталья Таубинага бутун Россия бўйлаб милиция зўравонлигидан жабр чеккан фуқаролар мурожаат этишади

Россиянинг Узоқ Шарқида милицияга ҳужумлар уюштирган Приморье партизанларига оддий халқ ўртасида кўрсатилган дастак россияликлар ҳуқуқ-тартибот органларига бўлган ишончни йўқотганидан ишора беради.

Милиция зўравонлигидан жабр чеккан фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи Оммавий Вердикт ташкилоти ана шундай фикрда.

Ташкилот раҳбари Наталья Таубинага кўра, бугунда Россияда 70 фоиздан ошиқ одамлар милиция билан юзма-юз келганларида ўзларини хавфсиз сезишмайди; улар яқинлари, дўстлари ва қўшниларининг милиция зўравонлигидан азоб чекаётганига гувоҳ бўлишар экан, ишончсизлик нафратга айланмоқда.

Оммавий Вердикт ҳисоботига кўра, жиноятлар оддий автомобиль назорати зобитларидан тортиб юқори мартабали милиция раҳбарлари томонидан содир этилмоқда.

Ибрат Сафо Наталья Таубина билан Москвада учрашиб, аввало зўравонлик ҳоллари ҳақида сўраган.

Таубина: Мени бу ҳолатларнинг бари ларзага солади, чунки милиция раҳбарияти ёки оддий милиция ҳодими ҳам фуқарони ҳимоя қилиш мажбуриятини ола туриб, зўравонлик йўлида амал қилишларини тушуниш қийин. Оддий бир мисол келтирадиган бўлсам, яқинда асли озарбайжонлик фуқаро Москва милицияси томонидан кўчада тўхтатилган, сўнгра милиция идорасига олиб борилиб, дўппосланган. Уни бейсбол таёғи билан дўппослаганлар. Милиция ундан бўм-бўш протоколга имзо чекишни талаб қилган. аммо у ҳеч қандай жиноят содир этмаган.

Милиция унга қандай изоҳ берган? У нимада айбланган?

Таубина: Ҳеч нимада. Унга ҳеч қандай айблов ўқиб эшиттирилмаган. Бу аслида милиция тизимида мавжуд бўлган статистика учун зарур бўлган. Милиция муайян муддат ичида маълум сондаги жиноятчиларни ҳибсга олиши керак. Бу маъмурий жиноятлар ҳам бўлиши мумкин. Агар улар бу квотани тўлдирмасалар, раҳбарият уларни жазолайди. Шундай экан, бу вазиятда мақсад уни қўрқитиб, имзо чектириб олиш бўлган. Бироқ у ҳеч кўнмагач уни озод қилишган. У сўнгра мия чайқалиши билан касалхонада бир неча ҳафта даволанган. Уни шунчалар қаттиқ дўппослашганки, ҳатто бўш протоколга ҳам қон сачраган. Аёл милиция ходими эса "нимага яна қон тўкдинглар протоколга" деб ҳамкасбларини уришиб қўйган. "Эрталаб вино тўккандинглар, энди эса қон" деб норози бўлган.

Image caption Россияда милициянинг зўравонлигига қарши норозилик намойишлари кўпаймоқда

Бу ходим қон тўкилганини кўра туриб, уни тўхтатишга ҳам уринмаганми?

Таубина: У ҳеч қандай амал қилмаган, у ҳам шу фитнанинг бир қисми бўлган. Лекин бу аёл ҳам ҳозирда маҳкамага тортилди. Мазкур иш биз учун энг муваффақиятлиларидан бўлди. Чунки қурбон касалхонадан чиққач бизга мурожаат қилди ва биз прокуратура, ҳамда ички ишлар вазирлигининг ички хавфсизлик хизматига шикоят қилиб, уни дўппослаган милиционерни маҳкамага тортишга муваффақ бўлдик. У беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди. Аммо маҳкама иши давом этмоқда - унга ёрдам берган ҳамкасблари ва аёл милиционер ҳам жазо олиши учун курашмоқдамиз.

Одатда милиция зўравонлигидан жабр чеккан инсон шикоят қилишни истаса, нима бўлади?

Таубина: Одатда уларга жиноят содир этган одамни топиш қийин бўлиши айтилади. Тергов ўтказиш, зўравон милиционерни жазога тортиш мушкул экани кўп айтилади. Баъзи ҳолларда милиция таҳдид солишни бошлайди. Милиция ўзи ёки бировлар орқали шикоят қилган фуқарога босим ўтказиб, аризасини қайтариб олишга мажбурлайди. Мен юқорида келтирган мисолда ҳам жабрланган шаҳсга жуда кўп таҳдидлар ва босимлар бўлган милиция томонидан. Унга мактабдаги фарзандига, ё ўзи ишлайдиган ишхонада муаммолар бўлиши айтилган.

Мен билишимча, ҳозирда милиционерлар шикоят қилган фуқарога қарши шикоят топшириб, жазосиз қолаётган ҳоллар кўп экан.

Таубина: Бу янгича йўналиш. Масалан бир жабрланган фуқаро прокуратура ёки ички ишлар вазирлигидаги ички хавфсизлик хизматига шикоят ёзса, милиционер ҳам зудлик билан бу фуқарога қарши шикоят ёзади ва "у фуқаро ҳибсга олиш даврида куч билан қаршилик кўрсатди" дея жиноий иш очишга уринади. Иккала шикоят ҳам қонунга биноан прокуратурада кўриб чиқилади, аммо аксар ҳолларда прокуратура милиционернинг фойдасига ишни ҳал қилади. Бу йўналиш оммавийшлашмоқда ва у прокуратура ва милиция бир-бирини қандай қўллаб-қувватлашидан дарак беради. Фуқаро шикояти тушиши биланоқ прокуратура милиционерни хабардор қилади, ўша куннинг ўзидаёқ.

Image caption Таубина хонимга кўра, Чеченистонда хизмат қилган милиционерлар зўравон усулларни кўп қўллашади

Нима учун милиция шу йўсинда иш олиб боради деб ўйлайсиз? Нима учун гумондорларга қарши шунча зўравонлик қўлланади?

Таубина: Бу фақат гумондорларга қарши эмас. Зўравонлик кўчада ҳеч қандай сабабсиз тўхтатилган оддий одамга ҳам қарши ишлатилади, улар милиция идорасига олиб бориб дўппосланади. Бу усуллар давом этишининг сабаблари кўп... Энг асосий сабабларидан бири шуки, бизнинг ҳуқуқ-тартибот соҳамиз шўро давридан бери ислоҳ қилинмади. Биз ҳали ҳам Совет Иттифоқидаги дунёқараш билан ишлаяпмиз, эскича қарашга биноан, милиция бу жазолайдиган идора. Аслида у жазолайдиган эмас, оддий фуқарога хизмат қиладиган ва унинг хавфсизлигини таъминлайдиган идора бўлиши керак.

Яна қандай сабаблар бор деб биласиз?

Таубина: Ўтган қарийб 20 йил ичида милиция ходимларининг профессионал даражаси таназзулга юз тутиб келди. Олий маълумотли ходимлар маош оз бўлгани учун милициядан бўшаб кетишди ва хусусий ширкатлар ёки прокуратура каби пуллироқ жойлардан иш топишди. Милиция ходимларининг илм даражаси ўта паст ва пасайиб бормоқда, уларни тарбиялаш ва ўқитиш соҳаси шўролар давридан бери ислоҳ қилинмади. Жиноятлар фақат сон ва кўрсаткичларга қараб баҳоланади, оддий қилиб айтганда, бу ой 20 кишини ҳибсга олдингми, келгуси ой 21тасини ҳибсга олишинг шарт.

Чеченистондаги уруш Россия Ички Ишлар Вазирлига ва унинг ходимларига қандайдир узоқ муддатли таъсир кўрсатдими?

Таубина: Ҳа, албатта. Ички Ишлар Вазирлигининг кўп ходимлари Шимолий Қофқозга бир неча ойга жойлаштирилганлар. Улар мазкур минтақада қонли ва зўравон тажрибаларга кўп дуч келганлар ва жалб қилинганлар. Бу ходимлар Чеченистон ва бошқа нотинч ҳудудлардан қайтишгач, уларга дам олиш учун икки ҳафтагина вақт берилади. Сўнг улар яна оддий милиция ходими сифатида ишлай бошлайдилар. Аммо, уларни шунча зўравонликдан сўнг руҳий муолажа билан таъминлайдиган дастур йўлга қўйилмаган. Улар Чеченистондаги вазиятга ўргангани учун, зўравонлик усулларини қўллай бошлашади. Биз шуғулланган бир неча шикоятларда Шимолий Қофқоз ё Чеченистонда хизматни ўтаган милиционерлар айбдор бўлиб чиқишди. Улар бир ё икки марта эмас, мунтазам равишда гумондорлар ва оддий фуқароларни дўппослашган ва қийноққа солишган.