Сохта айблар билан қамалган москвалик тадбиркор ҳикояси

Россияда охирги ойларда юз берган бир қатор дўппослашлар, қотилликлар ва одам ўғирлашларда милиция айбланиши ортидан, Президент Дмитрив Медведев нопок милиция зобитларини жиловлашга ваъда берди ва янги қонунни таклиф қилди.

Ҳукумат ҳисоботига биноан, коррупция ишларининг 92 фоизида милициянинг қўли бор.

Милиция, шунингдек, мафия ё қудратли мулозим ё тадбиркорлар номидан қонунан фаолият юритаётган ширкатларга рейдлар ўтказиш, уларни куч билан эгаллаш амалларида ҳам қўлланилади.

Кимёвий моддалар савдоси билан шуғулланувчи москвалик тадбиркор Яна Яковлева ана шундай ов қурбонига айланган.

Саккиз ойни қамоқда ўтказиши ортидан у ҳозирда ўзига ўхшаш вазиятдаги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади.

Ибрат Сафо у билан Москвада учрашиб, аввало унинг можароси нимадан бошланганини сўраган.

Яковлева: Бир кун милиционерлар бизнинг идорамизга келишди ва бир ёмон келишувни таклиф қилишди. Улар наркотикларга қарши кураш бўлимидан эдилар. Улар бизга наркотикларни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган кимёвий моддаларни Тожикистонга етказиб беришни сўрашди. Биз билардикки, айнан ўша кимёвий модда Тожикистон ва Афғонистонда героин ишлаб чиқаришда қўлланилади. Шунинг учун биз бу таклифга кўнмадик. Бу кимёвий модда Россияда қонуний хисобланади, лекин уни бошқа мамлакатларга сотиш ноқонуний.

Наркотикларга қарши кураш бўлими милиционерлари қандай изохлашди бу таклифни?

Яковлева: Биз ҳайрон бўлдик бундан, чунки биз наркотикларга қарши кураш бўлими наркотикларга қарши курашиши керак деб ўйлагандик. Бу милиционерлар жинни бўлса керак деб ўйладик. Улар "хавотир олманг, савдони биз назорат қиламиз" дейишди. "Муаммо бўлмайди" дейишди.

Сизга айтишдими бу кимёвий модда Тожикистонга олиб борилгач қандай мақсадда қўлланишини?

Яковлева: Йўқ, мен сўрашни хоҳламадим. Мен уни идорадаги бизнес шеригим билан муҳокама қилдим ва мутлақо рад этдим. Милицияга бу ёқмади. Чунки энди биз уларнинг режаларидан хабардор эдик, гувоҳ сифатида. "Майли, кўрамиз буёғини" дейишди-да, чиқиб кетишди.

Кейин нима бўлди?

Яковлева: Биз улар кетгач бироз енгил тортдик. Бир неча ой тинч ўтди. Кейин тўсатдан 10-15 киши қора кийимларда, юзларига қора ниқоблар тақволиб, қўлларида қуроллар билан идорамизга бостириб киришди. Ҳамма аёл ишчиларимни олиб чиқиб, даҳлизга териб қўйишди. Кейин ҳамма ҳужжатларимизни йиғиб, олиб чиқиб кета бошлашди. Биз "кимсиз, нима қилаяпсиз ўзи?" деб сўрадик. Улар эса "анти-наркотик бўлимиданмиз, ҳужжатларни олиб кетаяпмиз" дейишди холос. Кейин икки ой ўтгач, биз ҳибсга олиндик. Аввало мени, кейин шеригимни ҳибсга олишди.

Қандай юз берди ҳибсга олиш?

Яковлева: Мен спорт клубида эдим. Улар клубга келишди, шу ерда мен кийимларимни алмаштиргунимча кутишди. Кейин қамоққа олиб кетишди. Менга нима учун ҳибсга олинаётганимни ҳам айтишмади. Нима қилишимни билмай бошим қотиб қолди, чунки бу жуда ғайриоддий ҳол эди. Қамоқда мени терговчига олиб боришганда, у менга менинг ширкатим сотадиган бир кимёвий модда, яъни эритгич суюқлик диэтил эфири ноқонуний эканини ва шунинг учун мен ҳибсга олинганимни айтди. Аммо мен бу моддани Франциядан қонуний равишда, хукуматдан олинган лицензия билан сотиб олардим. Терговчи эса, йўқ, бу - гиёхванд модда, ва сен уни сотгансан деб мени айблади. Мен шунда тушундимки, анти-наркотик бўлимининг таклифини рад қилганим учун, мени сохта айблов билан қамашди. Сиз саккиз ойни қамоқда ўтказибсиз. Лекин ҳуқуқий курашингизни давом эттирдингизми?

Яковлева: Менинг отам оммавий тарзда менинг озодлигим учун курашишни бошлади. Отам айтдики, иложи борича кўп шов-шув кўтариб, оммавий эътиборни тортиш керак. Бу жуда қийин эди, чунки мен билан ҳеч ким қизиқмади. Ким ўзи у Яна Яковлева? Миллионлаб аёллардан бири, мен кимга керакман? Бироқ, босқичма-босқич, олти ой ўтиб, отам ва тарафдорларим Москва марказида норозилик намойишини ўтказишди, унда кимёвий моддалар савдосига ихтисослашган ва қамоққа тушган тадбиркорларни озод этиш талаб этилди. Дарров газеталарда, интернет нашриётлари ва блогларда хабарлар пайдо бўла бошлади. Бу эса ҳуқуқ-тартибот тизимининг жиғига тегди, чунки кўплар уларни сўроққа тута бошлади. Шундай экан, улар хавотирга тушиб, бизни озод қилишди. Озодликка чиққанимда мен тадқиқотга берилдим, билсам, анти-наркотик бўлими ўзидаги рўйхатга асосланиб, қонуний моддаларни сотаётган тадбиркорларни ноқонуний дея бемалол қамоққа ташлаши мумкин экан.

Image caption Яковлева хонимга кўра, Россияда аксар ширкатлар рейдерлик ҳужумларидан қўрқиб амал қилишади

Демак сизга ўхшаган бошқа тадбиркорлар кўп?

Яковлева: Ҳа. Мен озодликка чиққанимда тушуниб етдимки, Россияда минглаб одамлар шундай аҳволда экан. Россия бўйлаб минглаб, бир неча минглаб одамлар айбсиз бўлсада, қамоқларда ўтиришибди. Мен ўзим қамоқда ўтириб, бевосита шунинг гувоҳи бўлдим ва бу тизим қандай ишлашини ўз кўзим билан кўрдим. Бу тизимда ҳеч қандай адолат йўқлигини тушуниб етдим. Кимдир айбдор дейилса, бўлди, у тоабад айбдор бўлиб қолаверади. Агар тадбиркор бўлсанг, ундан ҳам ёмон - сенга ҳатто қотилдан ҳам каттароқ жазо беришади.

Тадбиркорлар қотиллардан ҳам қаттиқроқ жазоланишади деяпсизми?

Яковлева: Ҳа. Масалан мен ҳозирда қотилликда айбдор деб топилган одамлар беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганини кўраман, тадбиркорлар эса 15 йил, 18 йилга ҳукм қилинади. Кичкинагина бир жиноят учун тадбиркор 10 йилга қамалиши бу нормал ҳолга айланиб қолган. Менимча, бу тизимга қарши курашишнинг ягона йўли - ана шу маҳкама ишларини иложи борича кўп ёритиш. Мен ўз тадбиркорлик фаолиятим билан бир қаторда қамоққа тушган тадбиркорларнинг маҳкама ишларини ёрита бошладим, матбуот, телевидение ва радио кўп чиқишлар қилаяпман ва учрашувлар уюштираяпман.

Сизнинг қамоққа олишингизга милициянинг анти-наркотик бўлими асосий сабабчи деб ўйлайсиз. Сизнинг жиноий ишингиз тўхтатилиши ортидан, ўша милиционерларга нима бўлди?

Яковлева: Ҳеч нарса... Ҳеч нарса бўлгани йўқ. Биз озод қилинганимизда матбуот анжуманини уюштирдик. Унда бутун Россиядан келган мухбирлар қатнашишди. Ана ўша анжуманда бизга қарши қандай сохта жиноий иш очилганини, кимлар бу ишни очганини исмма-исм баралла айтдик, лекин ҳеч нима бўлмади. Ҳеч ким жазо олмади.