Россия Президенти Яқин Шарққа икки кунлик сафарини бошламоқда

Россия Президенти Дмитрий Медведев

Россия Президенти Дмитрий Медведев Яқин Шарққа икки кунлик сафарини сешанба куни Фаластин ҳудудидан бошлайди. Кейин Медведев жаноблари Иорданияга жўнаб кетади.

Россия Президенти Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос ва Иордания Қироли Абдулло билан музокаралар олиб боришни режалаган.

Россия ва Фаластин ўртасидаги музокараларда иккитомонлама муносабатлар, савдо алоқаларини кенгайтиришга уриниб кўрилади.

Бундан ташқари, Би-би-си мухбирига кўра, жаноб Аббос россиялик ҳамкасбининг яқинда чиппакка чиққан Яқин Шарқ тинчлик музокараларига оид фикрига ҳам қулоқ тутиш ниятида.

Фаластинлик дипломатларнинг айтишларича, улар Бирлашган Миллатлардан Ғарбий Соҳилда яҳудий манзилгоҳларининг кенгайтирилишини маън этувчи резолюция қабул қилишини сўрашмоқчи. Россия эса, Бирлашган Миллатлар Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси ҳисобланади.

Россия раҳбари ёрдамчиси Сергей Приходькога кўра, Россия-Фаластин музокараларида Ғазо бўлгаси атрофидаги вазиятга ҳам диққат қаратилади.

Яқин Шарқ можароси жаноб Медведев ва Иордания Қироли Абдулло ўртасидаги учрашув чоғи ҳам мубоҳаса этилиши тайин.

Сергей Приходькога кўра, Қирол Абдулло билан музокараларда, шунингдек, халқаро ва минтақавий муаммолар борасида фикрлар алмашилади.

Сергей Приходьконинг билдиришича, "энг аввало, Яқин Шарқда, жумладан, Ироқ ва Ливанда вазиятни ўнглаш мавзуси" турибди. Медведев Иорданияда энергетика бўйияа ҳамкорлик масаласига ҳам тўхтаталади. Сергей Приходьконинг айтишича, Россия Иорданияда Атом Электр Станцияси қуришга қизиқмоқда.

2009 йил майида Россия ва Иордания тинч мақсадларда атом энергиясидан фойдаланиш соҳаси ҳамкорлик бўйича келишув имзолаганди.

Айни пайтда Дмитрий Медведевнинг Иорданияга сафари доирасида экстремизмга қарши кураш ва глобал молиявий инқироз масалалари ҳам мубоҳаса этилади.