Би-би-си Жаҳон Хизмати ўз ходимларининг чорагини ишдан бўшатмоқда

Image caption Британия ҳукумати Би-би-си Жаҳон Хизматини молиялашни тўхтатган

Би-би-си Жаҳон Хизмати ўз ходимларининг 25 фоизидан кўпроғини қисқартиришини эълон қилди.

Икки ярим мингга яқин иш ўрнининг 650тага яқини келаси уч йил ичида ёпилади.

Британ ҳукумати Би-би-си Жаҳон Хизматини молиялашни 16 фоизга камайтириши ортидан бу қисқартиришлар амалга оширилмоқда.

Кеча бешта тил хизмати - албан, македон, серб, Африка учун португалча ҳамда Кариб кўрфази учун инглизча хизматларнинг ёпилиши эълон қилинган. Бугун яна етти тил хизматида кўпроқ қисқартиришлар эълон қилинмоқда.

Би-би-си Жаҳон Хизмати Бош Директори Питер Ҳоррокснинг айтишича, хизматларнинг ёпилиши асло уларнинг ёмон ишлаганидан далолат бермайди, балки Британия Ташқи Ишлар Вазирлиги ажратадиган маблағнинг камайгани боис қўйилаётган мажбурий қадамдир.

Унга кўра, келаси уч йил давомида Би-би-си Жаҳон Хизматидаги 650та иш ўрни ёпилади.

Журналистлар касаба уюшмалари иккита парламент қўмитаси раҳбарларига мурожаат этишган ва бу қадар катта қисқартиришларни қайта кўриб чиқишга чақирганлар.

Улар, шунингдек Би-би-си Жаҳон Хизмати биноси қаршисида норозилик намойишини ўтказишни режалашмоқда.

Жорий ҳафта бошида Би-би-си ўз интернет хизматларида 360та иш ўрни қисқаришини эълон қилганди. Бу эса юзлаб вебсаҳифалар ёпилишини англатади.