Мисрда нотинчликлар авж олар экан вазирлар маҳкамаси истеъфо берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Беш кундирки давом этган тўқнашувлар ортидан хавфсизлик кучлари мудофаани сусайтирмоқда

Миср пойтахтидаги Таҳрир майдонида президент истеъфосини талаб қилиб 50 мингга яқин киши тўпланган. Тун оша Президент Ҳусни Муборак ислоҳотлар ваъдаси билан телевидение орқали чиқиши ва вазирлар маҳкамасининг истеъфога бериши намойишчиларнинг важоҳатини сусайтирмаган.

Айни дамда армия коммендантлик соатини чўзган. Мухолифат раҳбари Муҳаммад ал Барадаий Президент Муборак давлат раҳбари лавозимини бўшатиши кераклигини айтди.

Қоҳира кўчаларида Президент Ҳусни Муборакнинг лавозимни бўшатишини талаб қилган намойишлар давом этар экан, мамлакат вазирлари маҳкамаси истеъфо берган.

Кеча тунда жаноб Муборак телевидение орқали халққа мурожаат этиб, ҳукуматни истеъфога чиқарганини айтди.

Миср бўйлаб беш кун давом этган норозилик чиқишларида хавфсизлик кучлари ва намойишчилар тўқнашиши оқибатида камида 38 киши ҳалок бўлган ва юзлаб одамлар жароҳат олганлар.

Президент истеъфосини талаб қилган намойишчилар коммендантлик соатига бўйсунишмаган, норозилик чиқишлари тун бўйи Қоҳира, Сувайш, Александрия ва бошқа шаҳарларда давом этган.

Би-би-си мухбири Уайр Девис Қоҳирадан хабар қилишича, бугун Қоҳирада мисли кўрилмаган манзараларни кўриш мумкин.

"Мен Миср пойтахти марказидаман, одамлар кўчаларни эгаллаб олишган. Ўтган кунлар бу ерда бўлган ваҳимали махсус полиция кучлари ҳеч қаерда кўринмайди. Одамлар уларни кўчалардан ҳайдаб чиқаришган. Ҳамма жойда машиналарга ўт қўйилгани, тошлар сочилиб ётгани, тўсиқлар ёндирилганини кўриш мумкин. Қаршимда ҳатто ўт қўйиб юборилган зирҳли машинани кўряпман," - дейди у.

Аммо, унга кўра, одамлар Ҳусни Муборакнинг телевизион мурожаатидан қониқишмаган.

Президент Муборак ўз чиқишида ижтимоий, демократик ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишга ваъда берди.

"Бизнинг дастуримиз ишсизликни бартараф этиш ва таълим, соғлиқни сақлаш, уй-жой ва бошқа соҳаларда кўпроқ хизматлар ташкил этишга қаратилган. Аммо, Мисрни барқарор ва хавфсиз сақлаш барча фуқароларнинг мажбуриятидир," - деб айтди Мисрни ўттиз йилдирки бошқариб келаётган Муборак жаноблари. Бироқ, одамлар президентнинг қудратда қолишини исташмайди ва унинг ислоҳотларга оид ваъдасига ишонмаганлар. "Бугун кўчаларда яна минглаб одамларнинг чиқишидан улар радикал, сиёсий ислоҳотлар истаётганларини англаш мумкин. Улар ислоҳотларнинг айнан ҳозир бўлишини, Муборакнинг кетишини хоҳлайдилар," - дея хабар беради Би-би-си мухбири.

Тиббий манбаъларнинг айтишларича, жума куни Қоҳирада камида беш киши, Сувайшда 13 киши нобуд бўлган.

Сўнгги хабарларга кўра, сешанба куни бошланган норозилик намойишларида ҳозиргача камида 38 киши ҳаётдан кўз юмган.

Асосий нуқталар, жумладан давлат телевизион канали идораси ташқарисида танклар ва аскарлар жойлаштирилган. Уяли телефон хизматлари ва интернет хизмати қисман тикланган.

Армия комендантлик соатини узайтираётганини эълон қилган. Кечки соат 4дан эрталабги 8гача Қоҳира, Александрия, Сувайиш каби шаҳарларда ҳаракат чекланади.