Яман Президенти Али Абдуллоҳ Солиҳ ҳам ортиқ президентлик муддатини чўзмоқчи эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Яманда қарийб 30 йилдан бери қудратда қолаётган Президент Али Абдулло Солиҳ ўз президентлик муҳлатини бошқа чўзмаслигини айтган.

У шунингдек, ўз ўрнига ўғлини президент этиб тайинлаш нияти ҳам йўқлигини таъкидлади.

Яман парламентига мурожаатида бу борада гапирган Президент Солиҳ мухолифатдан пайшанба кунга мўлжаллаган кўча намойишларини бекор қилишни сўраган.

"Муҳлат чўзилмайди, меросхўр тайинланмайди. Айрим дўстларимиз айтаётганидан фарқли тарзда, президентлик отадан ўғилга ўтказилмайди ва президентилк муҳлати ҳам қонунга зид тарзда узайтирилмайди. Бу президентнинг режасига умуман киритилмаган ҳам", деди аксилҳукумат намойишлари рўбарусида қолаётган Яман президенти.

Президент Али Абдуллоҳ Солиҳ миллий бирдамлик ҳукумати тузишга ҳам чақирган.

Тунис, Иордания, Жазоир ва Мисрдаги халқ исёнлари ортидан Яманда ҳам аксилҳукумат кайфиятлари кучайган.

Яман араб дунёсидаги энг камбағал мамлакатлардан бири.

Шунингдек, бу ерда бўлгинчилик ҳаракатлари ва мазҳабий низолар эҳтимоли ҳам мавжуд.

Айни дамда "Ал-Қоида"га алоқадор қатор исломий гуруҳлар Яманда бошпана топгани айтилади.