Мусулмон Биродарлари нимани истайди: демократик жамиятними ёки Исломий давлатни?

Image caption Тариқ Рамазонга кўра, Мусулмон Биродарлари ҳаракати фундаменталист қарашларга эга эмас

Мусулмон Биродарлари ҳаракати Мисрдаги энг нуфузли ва номдор мухолифат кучларидан бири ҳисобланади.

Бироқ, мазкур ҳаракат очиқроқ ва демократик жамиятга интиладими ёки Исломий жамиятни қуришни истайдими деган саволга аниқ жавоб йўқ.

Оксфорд Университетида илмий тадқиқотлар олиб бораётган олим Тариқ Рамазон 1928 йилда Мисрда Мусулмон Биродарлари ҳаракатига асос солган Ҳасан Баннонинг неварасидир.

Би-би-си ундан Мусулмон Биродарларининг Миср сиёсатидаги ўрни ҳақида сўради.

Рамазон: Менимча, бу бир яхлит куч эмас. Унинг ичида ҳар-хил йўналишларни кўрасиз. Мусулмон биродарлардан баъзилари жуда ҳам анъанадор ва Саудияга жуда ҳам яқин. Аммо бир нарсани айтишимиз мумкин, улар зўравонликни ёқлашмайди. Улар қонун тарафдорлари. Ва ўтган ўттиз йил мобайнида улар ўзгаришди. Ҳозирда Мусулмон биродарлар орасида Туркиядаги жараёнларни яқиндан кузатаётган одамлар бор.

Би-би-си: Аммо уларнинг орасида Хамасга яқин одамлар ҳам бор. Бу масалан, Исроилни жуда ҳам хавотирга солади.

Рамазон: Мисрдаги Мусулмон биродарларнинг мавқеи Мисрда зўравонликка қўл урмаслик, аммо Фаластиндаги қуролли қаршилик қонунийдир, деган мавқе бўлган. Улар буни бошидан аниқ-таниқ айтишган. 1940-йилларда ҳам Мусулмон Биродарларнинг мавқеи шу эди.

Би-би-си: Сиз Ғарб ва Исроил Мусулмон Биродалардан қўрқмаслиги керак, демоқчимисиз?

Рамазон: Мана қаранг, агар улар ўз манфаатларини ўйлашаётган бўлса, албатта қўрқишлари керак. Бу маънода мусулмон давлатидаги ҳар қандай эркин демократия Ғарб ва Исроил учун қўрқинчли. Ҳозир Исроил нима қилаяпти? Биз буни очиқ айтишимиз керак, Исроил ўз хавфсизлигини таъминлаш учун дунёдан Мисрдаги диктаторни қўллаб-қувватлашини сўраяпти.

Би-би-си: Аммо Исроил билан Миср ўртасидаги тинчлик битими бутун минтақа учун яхши эмасми?

Рамазон: Бу яхши нарса, қачонки Исроил Фаластинга нисбатан сиёсатини ўзгартирса ва тинчлик жараёнида жиддий қадамларни қўйса. Исроил атрофига диктаторларни йиғиб олиб ва одамларни эсдан чиқариб, фақат ҳукумат билан иш қилиш орқали хавфсиз бўлолмайди. Сизнингча, бир миллион мисрликларнинг диктатура остида яшашига рози бўлиб, Исроилнинг хавфсизлигини таъминлаган яхшими ёки Исроилдан сиёсатини ўзгартиришни талаб қилганими?

Би-би-си: Аммо, Эронда 1979 йилда одамлар Шоҳнинг режимидан тўйишганди, лекин Шоҳ ағдарилиб, ўрнига диний тузум келди.

Рамазон: Мен бу битта нарса деб ўйламайман. Биринчидан, Мисрдаги оммавий намойишларга Мусулмон Биродарлар бошчилик қилаётгани йўқ. Мусулмон Биродарлар Мисрдаги Муборакка мухолиф кучларнинг 20-30 фоизини ташкил қилади, холос. Бу жуда ҳам муҳим нарса. Одамлар Муборакнинг кетишини талаб қилаётганлари, албатта, Мисрда ҳам исломчилар ёки диний тузум келади деган гап эмас.

Би-би-си: Сизнингча, эркин ва демократик сайловлар бўлса, Мусулмон Биродарлар қанча фоиз овоз олади?

Рамазон: Овозларнинг учдан бири, эҳтимол, 30 фоиз атрофида бўлиши мумкин. Аммо, муҳими бу Эрондаги каби бир инқилоб эмас. Сиз бугун барқарорлик номи билан Президент Муборакни қўллаб-қувватлаб, демократия истамаймиз, деб айтолмайсиз. Демократик жараён шуни англатадики, ҳар қандай ҳаракат, партия қонун доирасида сиёсий жараёнда, сайловларда қатнашиши керак.