Миср расмийлари аксилҳукумат намойишчиларга қарши оломонни сафарбар этганини рад қилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Миср пойтахти Қоҳирадаги Таҳрир майдонида эрта тонг отишмалар овози эшитилган, бир неча киши нобуд бўлган.

Миср Соғлиқни сақлаш вазирига кўра, ҳукуматпараст ва аксилҳукумат намойишчилар ўртасида чоршанба куни тўқнашувлар келиб чиққанидан бери беш инсон нобуд бўлган.

Миср Бош вазири Аҳмад Шафиқ давлат телевидениесида чиқиш қилиб, тун мобайнида Қоҳира марказида рўй берган қонли тўқнашувлардан афсус изҳор этиб узр сўраган.

Бош вазир бу ҳодисалар юзасидан тергов ўтказишга ва масъул шахсларни жавобгарликка тортишга ваъда берган.

Камида икки инсоннинг ўқотар қуролдан ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда.

Ҳукумат Президент Ҳусни Муборакни дастаклайдиган одамларни Таҳрир майдонига йиғилган аксилҳукумат намойишчиларга қарши сафарбарлигини ташкил этганини рад этмоқда.

Қоҳирадаги хавфсизлик вазиятини ҳарбийлар назорат қилмоқдалар.

Шоҳидларга кўра, Муборак тарафдорларини Таҳрир майдонига киришларидан қайтариш учун армия ҳеч нарса қилмаган.

Демократпараст намойишчилар Миср пойтахти Қоҳирадаги "Таҳрир" майдонида ўзларини тўсиб олишган.

Президент Ҳусни Муборак тарафдорлари билан икки ўртада онда-сондалик тўқнашувлар юз бераётгани ҳам айтилади.

Хабарларга кўра, айрим намойишчилар майдонга қўшни кўчаларда эҳтимолий тўқнашувларга ҳозирлик кўриш учун тош ҳам тўплаб қўйишган.

Намойиш шоҳидларига кўра, муборакпараст гуруҳлар намойишчиларнинг майдонга озиқ-овқат, сув ва дори-дармон олиб киришларига тўсқинлик қилишмоқда.

Қатор Оврўпо мамлакатлари - Британия, Франция, Олмония, Италия ва Испания раҳбарлари Мисрдаги вазият ёмонлашаётганини ўта хавотир билан кузатаётганларини билдирдилар.

Улар Қўшма Штатларининг Мисрда ҳокимиятни ўзгартириш жараёни ҳозир бошланиши кераклиги борасидаги чақириғини такрорлаганлар.

Лондонга ташрифи пайти БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Қоҳирадаги зўравонликларни кескин қоралади.