Мисрдаги қудратдаги партия раҳбарияти истеъфога чиқди

Миср давлат телевидениеси хабар қилишича, Миср Халқ-Демократик партияси раҳбарлари, шу жумладан, Президент Ҳусни Муборакнинг ўғли Гамал ҳам истеъфога чиққанлар.

Гамал Муборак Халқ-Демократик партиясида катта мавқеъни эгаллаган.

Партия бош котиби Сафват Шариф ўз лавозимидан кетган.

Кўп йиллардан буён Гамал Муборак отасининг сиёсий вориси деб кўриб келинади.

Унинг иқтидордаги Халқ-демократик партиясидаги роли муҳим кўриб келинган.

Партия бош котиби этиб анча либерал қарашларга эга ва ислоҳотчи деб билинадиган доктор Ҳуссам Бадравий тайинланган.

Бироқ Би-би-си мухбирига кўра, жаноб Бадравий Муборак оиласига яқин одам деб кўрилади.

Айрим тасдиқланмаган хабарларга кўра, партия раҳбарияти таркибидан Президент Ҳусни Муборак ҳам кетган.

5 феврал куни Президент Ҳусни Муборак инқирозга жавобан ташкил этган янги ҳукумати аъзолари билан илк бор мажлис ўтказган.

Бу президент билан ҳукумат аъзоларининг музокаралари бўлгани, музокараларда нефть, савдо, молия вазирлари ва марказий банк раҳбарининг иштирок этгани айтилади.

Янги Миср ҳукуматининг молия вазири эса, вице-президент Умар Сулаймон айрим мухолифат аъзолари билан музокаралар олиб боришини айтган.

Би-би-си мухбири хабар қилишича, "Мусулмон биродарлари" ҳукумат билан сиёсий ислоҳотларга оид музокараларга киришиши учун бажарилиши лозим бўлган шартларини илгари сурди.

Гуруҳга кўра, Миср ҳукумати халқнинг талабларига жавоб бериши керак.

"Мусулмон биродарлари" воизининг Би-би-сига айтишича, бу талаблар президент Ҳусни Муборакнинг зудлик билан истеъфосини ҳам кўзда тутади.

Гуруҳнинг яна урғулашича, ҳукумат амалга оширмоқчи бўлган ислоҳотларининг аниқ муддатини кўрсатиб, ёзма баёнот билан чиқиши лозим.

"Мусулмон биродарлар" сентябр ойига режаланган президентлик сайловларида беллашиш нияти йўқлигини ҳам билдирган.

Бироқ Миср жамиятининг тинч йўл билан, босқичма-босқич ислоҳ этилишидан манфаатдор эканини урғулаган, дея хабар беради мухбиримиз.

Қоҳиранинг Таҳрир майдонида Ҳусни Муборак истеъфоси талаби билан норозилик намойишининг 12-тунида ҳам минглаб кишилар тунни шу ерда ўтказишган.

Намойишчилар байроқларни ҳилпиратиб, ватанпарварлик мазмунидаги ашулаларни куйлашган.

Вазият осойишта экани, аскарлар майдонга кириб-чиқаётган ҳар бир кишининг шахсини текшираётганликлари айтилади.

У ерда бўлган мухбиримизга кўра, намойишчилар ҳаракати орасида яна нимага эришишлари мумкинлигига оид саволлар ҳам пайдо бўла бошлаган.

Кўплаб кишилар эса, даромадларини йўқотишдан хавотирга тушиб қолишган.

Миср газ қувури портлаган

Мисрнинг Исроил билан чегарасига яқин Синай шимолидан ўтган газ қувурида портлаш юз берган.

Минтақа ҳокими портлаш саботаж оқибати, деган гумонда эканини билдирган.

Портлаш оқибатида кучли ёнғин келиб чиққан.

Аммо ўт ўчирувчилар ёнғинни назоратга олганлар.

Масъуллар газ таъминотини узиб қўйишган.

Ушбу қувур орқали Исроил, Сурия ва Иорданияга газ етказилган.

Би-би-си мухбирига кўра, исроллик мулозимлар ҳануз нима юз берганини аниқлашга ҳаракат қилишмоқда.

Бироқ Синай шимолидаги воқеа шоҳидларига кўра, газ қувурида портлаш юз берган ва кейин кучли ёнғин кузатилган.

Миср давлат телевидениесининг айтишича, қувур ҳужумга тутилган.

Бироқ бу хабарни тасдиқлашнинг имкони бўлмаган.

Исроил газ импортининг 40 фоизчаси Миср ҳиссасига тўғри келади.

Миср яна Иорданияни ҳам газ билан таъминлайди.

Мисрнинг қолган ҳудудларида бўлгани каби Синай шимолида ҳам ғалаёнлар кузатилганди.

Вазиятни тинчлатиш учун яқинда Исроил Миср армиясига 800 га яқин аскарини ҳудудга киритишига рухсат берганди.

Исроил ва Миср орасида имзоланган битимга мувофиқ, Синай ноҳарбий ҳудуд саналади.