Миср ҳарбийлари ҳокимиятни фуқаровий ҳукуматга топширишмоқчи, аммо

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Миср ҳарбийлари президент Ҳусни Муборакнинг жума кунги истеъфоси ортидан илк бор батафсил чиқиш қилишган.

Улар ҳокимиятни сайланган фуқаровий ҳукуматга топшириш аҳдида қатъий эканликларини баён қилишган, аммо муддатини айтишмаган.

Миср ҳарбийлари халқаро битимларни ҳам ҳурмат қилишда давом этишларини билдиришган.

Ҳарбий кенгаш, шунингдек, жорий ҳукуматдан вақтинчалик мақомда ҳокимиятни бошқариб туришини ҳам сўраган.

Жума кунги кутилмаган истеъфоси ортидан президент Ҳусни Муборак Қизил Денгиз бўйида жойлашган Шарм аш-Шайх оромгоҳидаги саройида қолмоқда.

Унинг истеъфосини талаб қилиб уюштирилган қарийб уч ҳафталик оммавий намойишлар ортидан Мисрда бугун оддий ҳаёт изга тушмоқда.

Намойишчилар пойтахт Қоҳира марказидаги "Таҳрир" майдонини тарк этиб, иш жойларига қайтишмоқда.

Аммо катта сондаги фаоллар армия назоратни фуқароларга бермагунича, майдонда қолишларини айтишаётир.

Вице-президент Умар Сулаймон ёки бошқа фуқаровий лавозимдаги мулозимларнинг ўз амалларида қолган-қолмаганликлари маълум эмас.

Миср Президенти Ҳусни Муборакнинг истеъфосига муносаб билдираркан, АҚШ Президенти Барак Обама Миср халқини олдинда қийин кунлар кутаётгани билан огоҳлантирган.

Жаноб Обама ҳозир мамлакатни назорат этаётган Миср Қуролли кучлари Олий Кенгаши эркин ва адолатли сайловларни таъминлаши шарт эканини айтган.

Президент Обама Мисрдаги ҳодисаларнинг асосий иттифоқчилари билан муносабатларига таъсирини ўрганиш учун Иордания ва Исроилга ўзининг бош ҳарбий маслаҳатчисини ҳам юбормоқда.

Британия Ташқи ишлар вазири эса, ортга қайтишга бўлган ҳар қандай уриниш Миср барқарорлиги ва яхлитлигига зиён етказишини урғулаган.

Хитой эса, президент Ҳусни Муборакнинг истеъфоси ортидан Мисрда ҳаёт тезликда ўз изига қайтишига умид билдирган.

Исроил эса, ўз ўрнида, Миср билан амалда бўлган тинчлик битими ўз кучида қолишига ният қилаётганини айтган.

Истеъфо

Мисрда уч ҳафта давом этган норозилик намойишлари ортидан жума куни кечқурун президент Ҳусни Муборак истеъфо беришга қарор қилди.

Бу ҳақда вице-президент Умар Сулаймон эълон қилди ва Президентнинг ваколати энди ҳарбий консулга оширилганини эълон қилди.

Мазкур хабарни Қоҳира марказига тўпланган намойишчилар хурсандчилик билан кутиб олишди.

Аввалроқ, Президент Муборак ўз оиласи билан Қоҳирани тарк этгани ва Мисрнинг денгиз бўйидаги оромгоҳларидан бирига кетгани хабар қилинганди.

Намойишчилар ғазабда эдилар

Ўтган кеча Президент Ҳусни Муборак сентябр ойигача қудратда қолиши ҳақида айтган ва бу Қоҳира марказидаги кўп сонли намойишчиларни ғазабга солганди.

Улар "Муборак кетсин," дея қичқириб, пойабзалларини ирғитишарди.

Ўтган тун Президентнинг нутқидан сўнг Президент истеъфо берса керак, деб байрамни бошлаб юборган намойишчиларнинг умидлари шу асно пучга чиқди.

Негаки, телемурожаат билан чиққан Президент Муборак эркин сайлов ўтишини, ислоҳотлар бўлишини ваъда берди.

Аммо, уч ҳафталик намойишларга қарамасдан, муҳлати тугагунча, президентликдан кетмаслигини ҳам урғулаганди.

Миср президентининг ушба қарори халқаро доирада ҳам акс-садо берган.

Президент Барак Обама жаноб Муборак эълон қилган ўзгаришлар зудлик билан бўладими, қанчалик чуқур ва самарали кечади - мавҳум қолмоқда деб айтди.

АҚШ президентига кўра, Миср ҳукумати демократия сари аниқ ва ишончли қадамларни қўйиши керак.

Президент Барак Обама жаноб Муборак эълон қилган ўзгаришлар зудлик билан бўладими, қанчалик чуқур ва самарали кечади - мавҳум қолмоқда деб айтди.

АҚШ президентига кўра, Миср ҳукумати демократия сари аниқ ва ишончли қадамларни қўйиши керак.

Айни дамда Мисрдаги халқ ғалаёнлари Яқин Шарқда Исроилни, айниқса, катта хавотирларга солмоқда.

Исроил Мудофаа вазири Эҳуд Барак ғалаён ортидан Мисрда "Мусулмон биродарлари" қудратга келишса, ана унда бутун минтақа учун вазият ҳалокатли тус олади, деб чиқди.

Бироқ "Мусулмон биродарлари" ўзлари фақатгина халқ ғалаёнининг бир қисми эканлигини таъкидлади.

Уларнинг воизи Аҳмад Фаҳмийнинг айтишича, Миср халқи узоқ йиллардан бери такрорланавериб, аммо бажарилмай қолаётган ваъдалардан безган.

Президент Муборак ўз ваколатларининг муайян қисмини янги тайинланган вице-президенти Умар Сулаймонга ўтказишини айтди.

Лекин намойишчилар талаби бу эмасди. Уларнинг талаби президентнинг истеъфо бериши эди.

Қолаверса, жосуслик хизматидан чиққан жаноб Сулаймон ўзгараётган ва ёшлар кўпчиликни ташкил этадиган Мисрни намоён этиши борасида шубҳалар ҳам катта.

Бироқ иқтидордаги Миллий демократик партиядан Абдул Муним Сайид Алининг айтишича, ҳозирги жараёнлар тинч ва қонуний йўлда ҳокимиятни ўзгартириш учун муҳимдир.

Президент Ҳусни Муборак таклиф этаётган ислоҳотлар назарий жиҳатдан Мисрдаги сиёсий тузумни ўзгартириши керак.

Бироқ Миср ҳукумати ва армияси бераётган ваъдаларини бажаришларига кўпчилик ишонмайди.

Мана, ҳозир Муборак тайинлаган вазирлар маҳкамаси унинг ўз одамларидан ташкил топган.

Армия раҳбариятини жаноб Муборак биттама-битта танлаб чиққан.

Шунинг учун ҳам чорак асрдан кўпроқ вақт давомида пуч ваъдаларга ишонмай қолган одамлар наздида фақат бир йўл қолган.

Бу ҳам бўлса - ниятларига етмагунча, кўчада намойишни давом эттириш. Бироқ бу қарор келажакда нимага етаклаши маълум эмас.

Мисрни деярли 30 йилдан буён идора қилаётган президент

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

1981 йил, октябр. Миср Президенти Анвар Содатга суиқасд уюштирилган пайт Ҳусни Муборак унинг ёнида турарди.

Анвар Содат ўлими ортидан қудратга келган Ҳусни Муборакнинг асосий шиори "барқарорлик" бўлди.

Унинг 30 йиллик президентлиги даврида "Фавқулодда ҳолат қонуни" кучда қолди.

Бу қонунга кўра, беш нафардан кўпроқ инсоннинг бир жойга тўпланиши манъ қилинганди.

Нил делтаси жойлашган кичик бир қишлоқда дунёга келган Ҳусни Муборак оддий бир учувчидан Миср ҳаво кучлари қўмондонлигигача кўтарилди.

У 1967 йилги урушда Исроил томонидан вайрон бўлган Миср ҳаво кучларини қайта тиклашга ёрдам қилди.

Ҳусни Муборак 1978 йилда Миср ва Исроил ўртасидаги тинчлик битимини имзолади.

Исроил-Фаластин можароси бўйича тутган мавқеъси Исломий ҳаракатлар орасида унга бўлган нафрат ва адоватни кучайтирди.

Бир неча суиқасддан омон қолган Ҳусни Муборак Исломий мухолифатчиларга қарши аёвсиз уруш очди.

Минглаб диндорлар ҳибсга олинди, қатл этилди.

Мухолифатдаги энг йирик "Мусулмон Биродарлари" партияси таъқибларга учради.

Партия фаолларини ҳибсга олиш ва қийноққа тутиш кенг қулоч ёйди.

Миср халқи устидан хавфсизлик кучларининг мутлақ назорати ўрнатилди.

Инсон ҳақларини поймол қилиш одатий ҳолга айланди.

Бироқ Исроил-Фаластин можаросида мўътадил йўлни тутган Миср ғарбнинг асосий иттифоқчисидир.

Ушбу дўстлик эвазига Миср АҚШдан йилига 2 миллиард доллар ёрдам олади.

Америка ёрдамларининг йирик қисми ҳарбий соҳага қаратилган.

Бироқ Миср халқи қашшоқликда умр кўрмоқда, мамлакат коррупция ва ишсизлик ботқоғига ботганди.

Ҳусни Муборак режимига қарши гуруҳлар сони ортиб бормоқда.

Ҳаёти интернетга узвий боғлиқ бўлган янги авлод ўзгаришларни талаб қилмоқда.

Норозилик мисрликларни кўчаларга олиб чиқди.

Миср халқи январ ойида Тунисда юз берган инқилобдан илҳом олгани хабар қилинади.

Мисрликлар оммавий тарзда полиция ҳукуматига қаршилик қила бошлашди.