Миср мусулмонлари ва насронийлари намойишларда қўлни қўлга беришди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Аксилҳукумат намойишларида мусулмонлар ва насронийлар елкама-елка туришди

Искандариядаги черковга бомба ҳужум уюштирилганидан бир неча ҳафта ўтиб, мусулмонлар ва насронийлар аксилҳукумат намойишларида елкама-елка туришаркан, Мисрдаги диний зиддиятлар четга суриб қўйилди.

Ҳусни Муборакка қарши норозиликлар чоғи Таҳрир майдонига йўл соларканман, устунга солиб кетилган бир сурат эътиборимни тортди.

Унда мусулмонларнинг рамзи-ҳилол ва насронийларнинг рамзи-хоч уйғун ҳолда: "Биз ҳаммамиз тузимга қаршимиз!" деган ёзувлар билан бирга тасвирланганди.

Ўтган жума куни Таҳрир майдонида ўтган йирик "Охирги кун" деб номланган намойиш ўтказилган ва бу кун намоз ўқиётган мусулмонлар атрофида қибтий насронийлар қалқон бўлиб туришди.

Якшанба куни Мисрдаги ҳар икки дин вакиллари мазкур курашдаги бирдамликларини намойиш этиш учун "Шаҳидлар куни"ни нишонлашди.

Ўша куни оламон Таҳрир майдонининг шарқий томонида жойлашган "Могамма" биноси олдидаги овоз кучайтиргич олдида йиғилганди.

Бир киши нутқ сўзлашни бошлаши билан ҳаётдан кўз юмди.

"У черков руҳонийларидан бири бўлган", деб айтди менга оламон ичидан биров.

У: "Биз - мусулмонлар ва насронийлар бу масала бирдаммиз", деди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Бошқалар бу сўзларни эшитиб, бош қимирлатиб тасдиқлаб туришарди.

Бу сафар улар халқ ва армия ҳақида эмас, Миср бирдамлиги ҳақида гапиришарди.

Нишонга олинган насронийлар

Ҳилол ва хоч уйғунлаштирилган суратларни ҳамма ёқда кўриш мумкин эди. Қўлбола плакатлардан тортиб, ерда тошларни териб ёзилган шиорлар четида ҳам тасвир.

Уч қарияни - қўлида Қуръони Каримни ушлаб олган икки мусулмон кўксида хоч осган насронийнинг елкасидан тутиб кетаётганини кўрдим.

Бир гуруҳ ёшлар эса, гитара чалиб, 1919 йилги инқилоб қўшиғини куйлашарди.

"Оҳ, Миср қўзғол, мисрликлар қўзғол: мусулмонлар, насронийлар ва яҳудийлар", дея куйлашарди улар.

Мусулмон-насронийлар бирдамлиги акс этган шиорлар ва рамзлар қибтий насронийлар яқинда юз берган қатор ҳалокатли ҳужумларда нишон бўлгани манзарасида ўта муҳимдир.

Эски шиорлар

Александрияда амалга оширилган ҳужумдан бир неча ҳафта ўтиб, мисрлик қибтий насронийлар мусулмон намойишчилар билан тўлиб тошган Қоҳира кўчаларида очиқ ибодат қилишга имконли бўлганлари ва "Мусулмон Биродарлари" кўнгиллилари томонидан ҳимоя қилинганлари Мисрда вазият ўзгарганини кўрсатарди.

Айримлар қибтийлар жамоасига қарши зўравонликларга аксилнасроний кайфиятлар эмас, балки Миср ҳукумати сабаб бўлганини даъво қилишади.

Маҳа Абдулраҳмон Кембридж Универстетида Миср сиёсати ва жамиятидан дарс беради. "Баъзи доиралар, масалан, давлатнинг энг юқори тизимлари ва ҳарбийликда қибтийлар мунтазам равишда камситиб келинган", дейди у. "Аммо, давлатнинг энг катта жинояти мусулмонлар ва насронийлар ўртасида билвосита адоват солиб келгани бўлган. Буни қилиш учун давлат давлат матбуоти, таълим ва диний муассасалар устидан тўла назоратидан фойдаланган", дейди Маҳа Абдулраҳмон.

Айни пайтда ҳилолнинг хоч билан уйғун тасвири 1919 йилги Британия назоратига қарши инқилоб рамзи ҳам бўлган эди. Шу билан бирга у Миср сиёсатида 1950-йиллар бошларида асосий рол ўйнаган "Ҳизби ал-Вафд"нинг нишонига ҳам айланганди.

Энди бу бирдамлик Миср жамиятида қанчалар чуқур ва мустаҳкам илдиз отиши мумкин? Маҳа Абдулраҳмон ўзгаришлар рост дея ишонади. "Демократия тарафдорларининг бирлашган жабҳаси энди мисрликлар тузумнинг ноғарасига ўйнамасликларини кўрсатди", дейди Маҳа Абдулраҳмон.