Намойишчилар Қоҳирадаги Таҳрир майдонини тарк этдилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Мисрдаги ҳарбий кенгаш мамлакат парламентининг тарқатиб юборилиши ва жорий конституциянинг амал қилиши тўхтатилади дея ваъда берганларидан кейин Қоҳиранинг Таҳрир майдонида турган намойишчилар тарқалишга қарор қилдилар.

Олий ҳарбий кенгаш олти ой мобайнида ёки Мисрда келгуси сайлов ўтказилгунича мамлакатни бошқариши ҳақида эълон қилди.

Ҳарбий раҳбарият якшанба куни ушбу баёнотлар билан чиқди.

Бундан олдин ҳарбийларнинг Таҳрир майдонини тозалашига қаршилик қилган намойишчилар бу баёнотларни олдинги бошқарувдан воз кечилиши сифатида қабул қилдилар ва майдондан чиқиб кетишни бошлаганлар.

Ҳарбий раҳбариятга кўра, Мисрда янги конститутиция лойиҳасини ишлаб чиқиш учун махсус қўмита тузилган.

Янги лойиҳа умумхалқ референдумига қўйилади.

Мисрдаги жорий конституция кўп партиянинг сайловлардаги иштирокини тақиқлар, парламентдаги аксар аъзолар қудратдаги Ҳусни Муборак бошқарувидаги Халқ-Демократик партиясининг аъзолари эди.

Январ ойида Ҳусни Муборак тайинлаган муваққат ҳукумат фаолият юритиши эълон қилинган, муваққат ҳукумат раҳбари Аҳмад Шафиқ айтишича, ўзларининг олдиларидаги асосий вазифа хафсизликни таъминлашдир.

Би-би-си мухбирининг Қоҳирадан хабар беришича, Таҳрир майдони деярли бўшаб қолган, бу ерда кам сонли намойишчилар қолишган.