Нима учун қадимги британлар одам бош чаноғидан ичганлар?

бош чаноғи Фото муаллифлик ҳуқуқи NATURAL HISTORY MUSEUM
Image caption Бош чаноғига яхшилаб ишлов берилган

Британия оролларининг қадимий яшовчилари инсон бош чаноғидан чўмич сифатида фойдаланишдан ҳазар қилмаганлар.

Лондон Табиий тарих музейи мутахассислари ана шундай хулосага келганлар.

Улар Англия жануби-ғарбида жойлашган Гоф ғоридан топилган 14700 йиллик учта чаноқни тадқиқ этганлар.

Олимлар суякларга диққат билан ишлов берилгани учун улардан иссиқ ичимликлардан истеъмол қилишда фойдаланилган деган ягона хулосага келганлар.

Олимлар хулосасига кўра, бу қадимий британларнинг бош чаноқларидан фақат чўмич сифатида фойдаланганини англатмайди; улар ушбу ашёлар қандайдир маросимларда ишлатилганига ишонадилар.

"Агар дунёнинг бошқа минтақаларида ўтказилган тадқиқотларга ҳам эътибор қаратилса, кейинги даврларда Тибет, Фижи ороллари ва Ҳиндистонда ҳам бош чаноқларидан фойдаланилганини кўриш мумкин," дейди Би-би-си билан суҳбатда қадимшунос Силвия Белло.

Силвия Белло ва унинг ҳамкасблари хулосалари PLosOne журналида нашр этилган.

"Ҳа, чаноқларни жом сифатида ишлатганлар. Гоф ғорида топилган чаноқлар жомларга жуда-жуда ўхшайди," дейди Силвия Белло.

Гаф ғори Чеддар дарасида жойлашган. Ушбу дара олимларга бошқа бир жиҳати билан ҳам қизиқ: бу ерда Британиядаги энг қадимги одам скелети топилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи NATURAL HISTORY MUSEUM
Image caption Олимлар учта одам қолдиқларини ўрганганлар

1903 йилда топилган ва ҳозирда Лондон Табиий тарих музейида сақланаётган ушбу скелетга камида 10 минг йил бўлган.

Бироқ одам чаноғидан ичган қадимги одамлар ундан ҳам олдин яшаб ўтганлар.

Ҳавонинг қисқа бир муддатга исиши одамларга Оврўпо ғарбидан шимолга кўчиб ўтиш имконини берган.

Бугунги илм-фанга ушбу қадимий одамлар "кромагнонлар" номи билан таниш. Улар овчилик билан шуғулланганлар ва, олимлар тахминига кўра, одам гўштидан ҳам истеъмол қилганлар.

Гоф ғорида бўлакланган инсон суяклари ҳам топилган. Бу суяклардан ҳам, ғорда топилган ҳайвон суяклари сингари, этлар тозалаб олинган.

Бизнинг тасаввуримизда одамхўрлик тассавур қилиб бўлмас даражадаги даҳшатли бир амал, бироқ, дея тушунтиради доктор Белло, "кромагнонлар" мутлақо бошқа замонларда яшаганлар.

"Улар овга чиққанлар, ўз ўлжаларини парчалаб, истеъмол қилганлар," - дейди у. - "Улар ўз ишларининг моҳир усталари бўлганлар. Шунинг учун ҳам омон қолганлар. Ўйлашимча, бош чаноқларидан ясалган жомлар ритуал аҳаммиятга эга. Агар улар фақат одам чаноғидан мияни чиқариб олиб, истеъмол қилганларида эди, бош чаноғига бунчалар ишлов бермаган бўлардилар".

"Агар фақат мияни истеъмол қилиш ниятлари бўлганида эди, бош чаноғи кўплаб бўлакларга парчалаб ташланган бўларди," - дея илова қилади палеонтолог. - "Аммо бу ерда биз бош чаноғига иложи борича кўпроқ ишлов берилганини кўрамиз; чаноқдаги излар, уларга қандайдир бир шакл берилганини кўрсатади".