Ливияда қурбонлар сони ортмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Намойишчиларга қарши ҳарбийлар оғир қуролларни ишга солишгани хабар қилинган

Ливия хавфсизлик кучлари шанба кунги жанозада иштирок этганларни пулемётлар ва катта калибрли қуроллардан ўққа тутгани борасида кўпроқ тафсилотлар маълум бўлаяпти. Тобут Бенғозидаги хавфсизлик кучлари қароргоҳи ёнидан олиб ўтиларкан, гувоҳларнинг айтишича, армия мерганлари ўлдирилган намойишчининг жанозасида иштирок этаётганларни атрофдаги биноларнинг томларидан нишонга олган.

Ливияда ҳукумат кучлари намойишларни куч билан бостирар экан, HRW ташкилоти ҳалок бўлганлар сони 173 кишига етганини айтган.Асосий тўқнашувлар мамлакат шарқидаги Бенғози шаҳрида юз бермоқда.

Бенғозидаги шифокорлардан бири Би-би-сига айтишича, "кечанинг ўзида Бенғозидаги Жалаа шифохонасида 45 ёки 47 та жасад ва 900 дан кўпроқ яраланганлар бор эди. Уларнинг кўпчилиги ўқотар қуролдан яраланган. Яраларнинг 90 фоизи тананинг бош, бўйин, кўкрак, асосан, юрак қисмида", - дейди ливиялик шифокор.

"Айни касалхонадаги яна бир шифокорнинг айтишича, яраланганларнинг аксарияти оғир аҳволда. ", - дейди шифокор.

Унинг сўзларига кўра, Бенғозидаги шифохона бундай ярадорларни қабул қилишга мосланмаган ва шифокорлар ҳолдан тойишган, қон заҳираси тугаган.

"Тез ёрдам машиналари ҳайдовчилари қўрқиб қолишган, чунки ҳукумат кучлари бу машиналарни қаерда кўрса отаяпти".

Номи ошкор этилишини истамаган бенғозиликлардан бири намойишчиларни отаётган мерганлар орасида хорижликлар ҳам борлигини айтади.

"Бир соат аввал Бенғози кўчаларида қирқ киши отиб ўлдирилди.. У ҳаммаёқдан хорижликларни олиб келаяпти. Африкалик, қора африкаликлар томлардан туриб, намойишчиларни отишаяпти", - дейди бу бенғозилик.

Унинг сўзларига кўра, буларнинг ҳаммаси жиноятчиларни қамоқхонадан бўшатиб юбориш билан бошланган. Ўнлаб жиноятчилар қамоқхонадан чиқарилиб, қўлларига "Калашников" автоматлари берилган. Юзлаб бенғозиликлар, болалар, қариялар ҳам кўчаларга чиқишган ва улар қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилишаяпти.

Ливия бўйлаб мусулмонлар ва қавмлар раҳбарлари осойишталикка чақирганлар, бошқа бир неча шаҳарларда қарама-қаршиликлар давом этмоқда.

Баҳрайнда эса, намойишчилар пойтахт Манамадаги "Марварид" майдонига қайтишган. Аввалига полиция уларга қарата тартибсиз ўт очган ва кўздан ёш сиздирувчи газ ишлатган. Аммо кейинроқ орқага чекинган. Намойишчилар ўзлари репрессив ва коррупцияга ботган, дея айблаётган Баҳрайн ҳукуматининг истеъфосини талаб қилишмоқда.