Афғонистон: Қундуздаги худкуш бомба ҳужумида ўнлаб инсонлар ҳалок бўлди

Афғон полицияси Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters (audio)

Афғонистон расмийларининг Би-би-сига маълум қилишларича, шимолий Қундуз вилоятида ҳукумат биносини нишонга олган худкуш бомба ҳужумида камида 26 одам ҳалок бўлган.

Интиҳорий ҳужумчи ўз танасига ўрнатилган бомбани чошгоҳга яқин Қундуз вилоятининг Имом Соҳиб туманида одамлар ички ҳужжат олиш учун навбатга турган бир пайтда ишга солган.

Ҳужум қурбонларининг аксари оддий одамлар бўлгани хабар қилинади.

Ўзбекистон ва Тожикистон чегараларига яқин жойлашган Қундуз вилояти сўнгги пайтларда Толибон ҳаракати тарафдорлари фаол бўлган минтақалардан бирига айланган.

Якшанба куни Афғонистон жанубидаги Жалолобод шаҳрида Кобул Банк биносида содир этилган интиҳорий ҳужумда камида 18 инсон ҳалок бўлганди.

Толибон Кобул Банкга ўз маошларини олиш учун борган полиция ва жосуслик хизмати ходимлари ҳадафга олинганини айтган.

Ўн минглаб хорижий қўшинлар жойлаштирилган Афғонистонда зўравонликлар кўлами ортиб бормоқда.

Биргина ўтган йилнинг ўзида Афғонистонда 2400 дан кўпроқ одам ҳалок бўлган.

НАТО ҳужумлари

Имом Соҳибда содир этилган интиҳорий ҳужум Афғонистон шарқида НАТО ҳаво ҳужумларига эътирозлар кучайган бир паллага тўғри келмоқда.

Шарқий Кунар вилояти маҳаллий расмийлари НАТОни якшанба куни ҳаво ҳужуми уюштириб, ўнлаб оддий фуқароларни ўлдиришда айблаганлар.

Аммо бу даъволарни рад этган НАТО мулозими унда Кунар вилоятида қуролли тўқнашувлар бўлганига оид видео тасвирлар борлигини айтган.

НАТО Кунар вилоятида юз берган тўқнашувда 36 исёнчини ўлдирганини айтади, бироқ маҳаллий қабила оқсоқоллари ва расмийларга кўра, НАТО ҳаво ҳужумида 64 оддий фуқаро ҳалок бўлгани.

Мазкур ҳодиса юзасидан тергов ишлари бошлатилган.

Шу ой аввалроқ "Афғонистон Райтс Монитор" инсон ҳуқуқлари ташкилоти 2010 йил Афғонистон учун 2001 йилда Толибон ағдарилганидан буён энг ҳалокатли йил бўлганини маълум қилди.

"Афғонистон Райтс Монитор" Толибон 2400 фуқаро ўлимининг тахминан 60%, АҚШ етакчилигидаги кучлар эса 21% учун масъул эканини айтган.