Ливия раҳбарининг ўғли фуқаролар уруши ҳақида огоҳлантирди

Сайф ал-Ислом Қаддофий Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Сайф ал-Ислом Қаддофий Ливия фуқаролар уруши бўсағасида турганини айтади

Ливия раҳбари Муаммар Қаддофийнинг ўғли Сайф ал-Ислом мамлакатда фуқаролар уруши юз бериши мумкинлигидан огоҳлантирди.

У бу ҳақда мамлакат халқига қилган телевизион мурожаатида билдирди.

Айни дамда ҳукуматга қарши норозиликлар Ливия пойтахти – Триполида ҳам бошланган.

Намойишчиларни танқид қилиш баробарида Сайф ал-Ислом мамлакатда муҳим сиёсий ислоҳотлар ўтказишга ваъда берди.

У полиция ва армия "хатолар"га йўл қўйганини эътироф этди, аммо ўлганлар сони хабар қилинганидан камроқ эканини айтди.

Сайф ал-Исломнинг айтишича, мухолифат гуруҳлари ва ажнабийлар Ливияни кичик давлатчаларга бўлиб ташлашга уринмоқдалар.

Агар улар бунга муваффақ бўлсалар, деди Ливия раҳбарининг ўғли, хорижий сармоялар тўхтайди ва яшаш даражаси кескин тушиб кетади.

У, шунингдек, хорижий матбуотни ҳам "Ливиядаги зўравонликларни бўрттириш"да айблади.

Аввалроқ полковник Қаддофийнинг Ливиядан қочгани ҳақидаги хабарларнинг тарқалиши ортидан одамлар Триполи кўчаларига байрам қилгани чиққан эдилар.

Аммо Сайф ал-Ислом давлат телевидениеси орқали қилган чиқишида отаси Ливияда экани ва "курашга раҳбарлик қилаётгани"ни айтди.

Душанба куни эрталаб пойтахт Триполида отишма овозлари эшитилса-да, марказий кўчалар сокин кўринарди.

Гувоҳларга кўра, якшанба куни кечқурун хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ ва ҳақиқий ўқларни ишлатган.

Мавҳумлик

Тасдиқланмаган хабарларда айтилишича, Бенғози ва Триполи шаҳарларида намойишларни бостириш учун африкалик ёлланма жангчилар жойлаштирилмоқда.

Сайф ал-Ислом Қаддофий чиқиши эфирга узатилишидан бир неча соат олдин Триполида оломоннинг режимни ағдаришга чақириб, шиорлар айтгани эшитилган.

Ҳукумат интернет ва телефон алоқаларини узиб қўйгани учун маълумотларни аниқлаш қийин бўлмоқда, аммо ишончга лойиқ хабарларга кўра, Триполида бир полиция идораси ёкиб юборилган ва мамлакатнинг иқтидордаги партиясига қарашли бўлган бинога ҳужум қилинган.

Гувоҳлар сўзларига кўра, хавфсизлик кучлари Триполининг Гурги минтақасида кўздан ёш оқизувчи газ ва ҳақиқий ўкларни ишлатган, аммо қурбонлар ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Баъзилари пичоқлар, баъзилари ўт очар қуролларга эга юзлаб ливияликлар Триполида Жанубий Корея барпо этаётган қурилиш иншоотига ҳужум қилдилар, деб айтган ўз исмини ошкор этмаган Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги ходими Рейтер агентлиги билан суҳбатда.

Ўртада чиққан жанжалда иншоотда ишлаётган камида уч кореялик ва 15 бангладешлик жароҳат олган.

Бир неча кун давом этган тартибсизликлар ортидан иккинчи йирик шаҳар Бенғозининг кўплаб минтақалари намойишчилар назоратига ўтган кўринади.

Бенғозидан келаётган тасдиқланмаган хабарларга кўра, у ерда армия генерали мухолифат томонига ўтган.

Шаҳардаги шифохоналар ярадорларни даволашга улгурмаётир.

Бир шифохона докторига кўра, якшанба куни тушликдан кейин у 50 жасадни қабул қилиб олган.

Тобрук, ал-Байда ва Мисрата шаҳарларида ҳам намойишлар бошлангани хабар қилинади.

Ливиядаги энг йирик Варфла қабиласининг намойишчилар тарафига ўтгани полковник Қаддофий режимига жиддий зарба сифатида кўрилмоқда.

Араб Лигасидаги Ливия вакили, Абдел Мунийм ал-Хоний, "инқилобга қўшилаётганини" эълон қилган, Ҳиндистондаги элчи Али ал-Эссавий эса Би-би-сига ҳукумат намойишларни куч билан бостиришга уринганига эътирозан истеъфога чиққанини айтган.

"Пияниста ва каллакесарлар"

Ўз телевизион чиқишида Сайф ал-Ислом Қаддофий Бенғози кўчаларига чиққан одамларни "пияниста ва каллакесарлар" деб атаган.

"Ливия Тунис ёки Миср эмас," дея огоҳлантирган Сайф ал-Ислом Қаддофий.

У хорижда яшаётган "мухолифат элементлари"ни Мисрдаги сингари инқилобни ўйлаб чиқишга уринаётганликда айблаган ва хавфсизлик кучлари "фитнасини бартараф этди" деб айтган.

Унинг айтишича, фуқаровий тартибсизликларда вазиятни қандай назорат этиш бўйича таълим кўрмаган ҳарбийлар намойишчиларни ўққа тутган.

Сайф ал-Исломнинг огоҳлантиришича, агар Ливияда фуқаролар уруши бошланса, "юз минглаб қурбонлар бўлади" ва мамлакат "колониал ўтмишга қайтади".

Полковник Муаммар Қаддофий нефтга бой Ливияни 1969 йилдан буён идора этиб келади.