Судан президенти бўлажак президентлик сайловида 'ўз номзодини қўймайди'

Умар ал-Башир Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Умар ал-Башир Суданни 1989 йилдан буён бошқариб келади

Судан Президенти Умар ал-Башир тўрт йилдан кейин бўлиб ўтажак президентлик сайловида ўз номзодини қўймайди, деб айтди иқтидордаги партия мулозими.

Бу амал мамлакатни демократлаштиришга қаратилган ислоҳотларнинг бир қисмидир, деди Раби Абделатий.

67 ёшли жаноб Башир 1989 йилда амалга оширилган давлат тўнтаришидан буён Суддани бошқариб келади.

Умар ал-Башир Халқаро Жиноятлар Маҳкамаси томонидан Дарфурда уруш жиноятлари ва қатлиом содир этишда айбланган.

У бу айбловларни рад этиб келади.

Ҳеч қандай босим йўқ

Суданда иқтидорда бўлган Миллий Конгресс Партиясининг етакчи аъзоси Раби Абделатий жаноб Баширнинг бўлғуси президентлик сайловида иштирок этмаслик қарори ҳақида Хартумда хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларига маълум қилди.

"Умар ал-Башир келгуси сайловда президентлик учун курашмайди. Буни мен тўлиқ тасдиқлайман. У бошқа сиёсатчиларга президентлик курсиси учун курашиш имконини беради," деди жаноб Абделати Франс-Пресс агентлигига.

"Аммо унга нисбатан ҳеч қандай босим йўқ... Бу қарорнинг Араб дунёсида юз бераётган ўзгаришларга ҳеч қандай алоқаси йўқ," деб илова қилди у.

Жаноб Башир ўз сиёсий келажаги борасида ҳозиргача расмий баёнот бермаган.

Ўтган ҳафта Умар ал-Башир агар Миллий Конгресс Партияси йирик сиёсий лавозимларни эгаллаб турганларни 60 ёшида нафақага чиқариш қарорини олса, у истеъфога чиқиши мумкинлигини айтганди.

Бироқ, Судан мухолифати жаноб Баширнинг ушбу сўзлари оммавий норозиликлар олдини олиш учун бир баҳона деган фикрда.

Умар ал-Башир ўтган йил апрелида бўлиб ўтган зиддиятли президент сайловида ғолиб келганди.

Мухолифат мазкур сайловни бойкот қилганди.