Муаммар Қаддофий - оддий бадавийлардан чиққан "шафқатсиз" раҳбар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Полковник Муаммар Қаддофий Ливияни 1969 йилдан бери бошқариб келади.

Муаммар Қаддофий 1969 йили қирол Идрисни қудратдан ағдарган қонсиз давлат тўнтариши оқибатида Ливияда раҳбарликни қўлга олганди.

Ливиянинг янги раҳбари ўшанда атиги 27 ёшда эди.

Ўшандан бери ўтган 41 йил мобайнида полковник Қаддофий "ўзига хос" бошқарув услубини йўлга қўйиб келди.

20- асрнинг энг шафқатсиз ва золим режимларидан бирини яратган Қаддофий турли радикал гуруҳларни қўллашда ҳамиша етакчи эди, бу хоҳ Ирландия Республикачи армияси бўлсин ёда Филиппиндаги "Абу Сайоф" гуруҳи.

1988 йили Шотландия узра АҚШ учоғининг портлатилишига алоқадорликда гумон қилиниб, ихотланиб қолган Ливия ҳукумати охирги йилларда халқаро саҳнада ўз мавқеини бир оз ўнглаб олди.

Полковник Қаддофий атрофида яна ғарблик сиёсатчилар ва ширкатлар гирдикапалак бўла бошладилар.

Ливия уларни ўзининг улкан энергия захиралари ва инфраструктура соҳасидаги лойихалари билан жалб этиб келган.

"Оддий оиладан чиққан" шафқатсиз раҳбар.

Муаммар Қаддофий 1969 йили Сирт шаҳрида, бадавийлар қабиласига оид оддий оилада туғилган ва ҳамиша ўзининг оддий оиладан чиққанлигини "кўз-кўз" қилишга ҳаракат қилади.

Олийрўтба меҳмонларни ҳам бадавийлар ўтовида қабул қилади.

Бу ўтовни у ўзи билан хорижий сафарларида ҳам олиб юради.

1977 йили полковник Қаддофий Ливияни "Жамаҳирия" яъни жумҳурият, дея эълон қилди.

Унга кўра, жамаҳирияда омма бошқаруви сиёсий фалсафаси устувор бўлиши керак ва бу фалсафани у ўзининг 3 жилдлик "Яшил китоб"ида ишлаб чиқди.

Қаддофий ғоясига кўра, мамлакатда демократия ўрнатилиб, қудрат маҳаллий инқилобий кенгашлар қўлида бўлмоғи лозим.

Лекин амалда Ливия раҳбари мамлакат ҳаётининг ҳамма муҳим соҳалари ва табиий бойликлари устидан қатъий назоратни ўз қўлида сақлаб келди.

Таҳлилчиларга кўра, Қаддофий турли қабилаларини бир-бирига қарши қўйиб, қарама- қаршиликдан ўз манфаати йўлида фойдаланишни яхши биладиган моҳир ўйинчи.

1980 йиллардан бери у Ливияда ўзининг "ижтимоий тажрибалари"ни ўтказа бошлади. Ушба жараён мобайнида мамлакатда шахсий тадбиркорлик таъқиқланди, унинг назарида "хавфли", дея кўрилган китобларни ёқиш буюрилди.

Лекин унинг энг жиддий "жинояти" сифатида мамлакат жамғармаларини кўкка совургани ва коррупциянинг кенг тарқалишига йўл қўйиб берганлиги кўрилади.

Ливия аҳолиси атиги 6 миллион атрофида.

Мамлакат ғазнасига ҳар йили нефт савдосидан 32 миллиард америка доллар келиб тушади. Лекин аксар аҳолининг турмуш даражаси камабағал давлатлардагидан ҳам пастроқ.

Ишсизлик даражаси деярли 30 фоиз эканлиги айтилади.