БМТ Ливиядаги зўравонликларни қоралади

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Хавфсизлик кенгаши Ливияда тинч фуқароларга қарши куч қўлланганини қоралади ва инсонлар умрига зомин бўлганларни жавобгарликка тортишга чақирди.

Хавфсизлик кенгаши Ливияда зўравонликларни зудлик билан тўхтатишга даъват этган.

Мамлакат ҳокимияти "ўз халқининг ҳақли талаблари билан ҳисоблашиши керак", дейилади БМТ баёнотида.

Кеча Ливия раҳбари Муаммар Қаддофий телевидение орқали чиқиш қилган ва истеъфога чиқмаслигини, "шу заминда шаҳид бўлиши"ни айтган.

Қаддофий таҳдид қилмоқда

У ўз тарафдорларини кўчаларга чиқишга ва ўзига қарши бўлганларни йўқ қилишга чақирган.

Полковник Қаддофий исённи "керак бўлса уйма-уй босиб ҳам тугатиши" ҳақида айтган.

Ливияни 40 йилдан ортиқ вақтдан буён бошқариб келаётган Муаммо Қаддофий сўзларига кўра, сўнгги намойишлар "хоинлар ва сувараклар" томонидан уюштирилган ва улар ўлим жазосига лойиқдирлар.

Бироқ Ливия ҳукуматидаги икки вазир намойишчиларга қарши куч ишлатилишига норозилик сифатида истеъфога чиққанлар.

Мамлакатнинг ички ишлар вазири Абдул Фаттоҳ Юнус Ал-Обидий ўзининг истеъфосини эълон қилар экан, армияни "халққа қўшилишга ва халқ талабларини инобатга олишга чақирган".

Жаноб Ал-Обидий Ливияда Муаммар Қаддофийдан кейин иккинчи қудратли шахс деб кўрилади.

Ливияда оддий одамлар жаноб Қаддофийнинг баёнотини ғазаб билан қарши олганлар, Би-би-си мухбирига кўра, кўпчилик Қаддофий қудратдан буткул кетишидан илгари мамлакатни вайрон қилади, дея хавотир билдирмоқда.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Human Rights Watch ташкилоти хабар қилишича, Ливияда аксилҳукумат чиқишлари бошланганидан буён камида 300 инсон ҳалок бўлган.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Ливиядаги вазиятни бир кун муҳокама этди.