Қаддофий Ливиядаги тартибсизликлар учун Бин Лодинни айблади

Муаммар Қаддофий Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ливия раҳбари полковник Муаммар Қаддофий мамлакатни вайронага айлантираётган тартибсизликлар учун Усома Бин Лодин ва унинг тарафдорларини айблади.

Ливия давлат телевидениесида ал-Зовия шаҳридан телефон воситасида чиқиш қилган Муаммар Қаддофий "вайронагарчилик ва қўпорувчилик"ларда иштирок этишлари учун ёш йигитларга гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликлар берилаётганини айтди.

Полковник Қаддофий пойтахт Триполи ва Ливиянинг ғарбий ҳудудларини ўз назорати остига олиш учун курашмоқда.

Намойишчилар эса мамлакат шарқидаги шаҳарларни назорат қилишга уринмоқдалар.

"Бу сизнинг мамлакатингиз"

Телефон орқали қилинган мурожаатнинг Триполидан 50 километр ғарбда жойлашган Ал-Зовия халқига йўллангани айтилади.

Ушбу шаҳар кўчаларида отишмаларнинг қайтадан бошлангани хабар қилинади.

Полковник Қаддофий намойишчиларда аниқ бир талабнинг йўқлиги ва улар ал-Қоида раҳбари томонидан йўналтириб турилганини айтди.

Унинг айтишича, Ливия президентлари ағдариб ташланган Миср ёки Тунис эмас ва бу мамлакатни қўмиталар орқали халқнинг ўзи идора қилади.

"Бу сизнинг мамлакатингиз ва уни қандай идора қилиш сизнинг ихтиёрингизда," деб айтган Муаммар Қаддофий.

У ҳукуматга қарши чиқаётганларнинг аксари ҳали балоғат ёшига етмаган ўсмирлар эканини айтган.

Муаммар Қаддофий шунингдек тартибсизликларда иштирок этганлар маҳкамага тортилиши ҳақида огоҳлантирган.