Яман президенти намойишчиларни ҳимоя қилишга буйруқ берди

Тартибсизликлар Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Яман президенти мамлакат хавфсизлик кучларига унинг ҳукуматига қарши чиқаётган намойишчиларни ҳимоя қилишга буйруқ берди.

Намойишчилар мамлакатни 32 йилдан буён идора этиб келаётган Али Абдуллоҳ Солиҳ истеъфосини январ ойидан буён талаб қилиб келишади.

Президент Солиҳ аввалроқ босимлар остида истеъфога чиқмаслигини айтган ва намойишчилар талабини "ноқонуний" дея баҳолаганди.

Энди эса Али Абдуллоҳ Солиҳ ҳам ҳукуматга қарши бўлган намойишчилар, ҳам ҳукуматпараст намойишчилар "тўлиқ ҳимоя" билан таъминланиши зарурлигини айтмоқда.

Расмий баёнотга кўра, Яман президенти хавфсизлик кучларига икки тараф ўртасида муноқашаларни бартараф этишга ҳам топшириқ берган.

Мамлакатда тартибсизликлар бошланганидан буён 15 одамнинг ҳалок бўлгани хабар қилинади.

Иқтидордаги партиянинг тўққиз аъзоси намойишларнинг куч билан бостирилишига эътирозан истеъфога чиққан.

"Солиҳ барча хавфсизлик кучларига ҳукумат тарафдорлари ва ҳукуматга қарши бўлган намойишчилар ўртасида жанжалларни бартараф этиш топшириғини берди," дейилади Яманнинг Вашингтондаги элчихонаси чиқарган баёнотда.

"Ҳукумат... ўз фуқароларининг тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқини ҳимоя қилишда давом этади," деб таъкидланади баёнотда.

Чоршанба куни Аден шаҳрида полиция намойишчиларни тарқатиб юбориш учун уларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган ва ҳавога қарата ўқ узган.

Пойтахт Санода эса икки намойишчининг ҳалок бўлгани хабар қилинади.

Яман пойтахти ва бошқа шаҳарларда ҳар куни минглаб одамлар намойишлар ўтказиб, президент истеъфосини талаб қилишмоқда.

Улар шунингдек ишсизлик ва коррупция муаммоларига ечим топилишини исташади.

Намойишларга нафақат хавфсизлик кучлари балки ҳукумат тарафдорлари ҳам қаршилик кўрсатиб келмоқда.

Президент Солиҳ мухолифатга ён бериб, президентлик муддати тугагач, 2013 йилда истеъфога чиқишга ваъда берди. Бироқ бу ваъдалар намойишчиларни қониқтирмаётган кўринади.

Али Абдуллоҳ Солиҳ Яманни 1978 йилдан буён бошқариб келмоқда.

У жанубда ал-Қоида тармоғи тарафдорлари, шимолда эса бўлгинчи шиа қабилаларига қарши давомли курашиб келмоқда.