Президент Медведев юқори милиция мулозимларини вазифаларидан бўшатди

Медведев милиця ходимлари билан суҳбатлашмоқда Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Президент Медведев Россия милициясида туб ислоҳотлар ўтказишга бел боғлаган

Президент Дмитрий Медведев Россия Ички ишлар вазирлигининг етти нафар генарали ва бир полковнигини эгаллаб турган лавозимларидан бўшатган.

Вазифасидан олинганлар орасида Удмуртия Ички ишлар вазири, Татаристон Ички ишлар вазирининг муовини, шунингдек Москва, Ставропол ва Ненец автоном ўлкаларининг юқори лавозимли амалдорлари бор.

Нима сабабдан милиция амалдорларининг вазифаларидан четлатилгани ҳақида ҳозирча расмий маълумот берилмаган.

Кузатувчиларга кўра, милиция юқори амалдорларининг ишдан ҳайдалиши ҳокимиятнинг Россия Ички ишлар вазирлигида ислоҳот ўтказиш қарори билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Танқидчилар ҳокимиятнинг ислоҳот ўтказиш амалиёти, ҳуқуқ-тартибот органларидаги вазиятни ўзгартирмаслигини айтишади.

Москвадаги "Инсон ҳуқуқлари учун" умумроссия ҳаракати раҳбари Лев Пономаревнинг фикрича, ҳокимиятнинг ислоҳот ўтказиш тадбири ижобий натижа келтирмайди.

"Чунки Россия ички ишлар тизими бошдан оёқ коррупцияга ботган. Ҳокимиятнинг ислоҳот ўтказиш баёнотларига қарамасдан милиция ходимлари орасида жиноят содир этиш ҳоллари янада кучайган. Бундай жиноятлар деярли ҳар кун юз беради. Аҳоли орасида милиция обрўси умуман тушиб кетган. Токи милиция фаолияти амалда яхшиланмас экан, аҳолининг милицияга нисбатан фикри ҳам ўзгармайди," дейди Лев Пономарев.

Россия ички ишлари собиқ вазири Анатолий Куликовнинг фикрича, милиция шаънига янграётган танқидларнинг барчаси ҳам тўғри эмас.

"Албатта, милиция фаолиятига боғлиқ танқидлар жуда кўп. Бу танқидлар жуда ўринли ва адолатлидир. Мен албатта, милиция фаолиятини оқламоқчи эмасман. Лекин милиция ходимлари, собиқ Совет арбоби Михаил Фрунзе айтганидек, жамиатимизнинг бир парчасидир. Улар биз яшаётган жамиатдан чиқишган. Милиция ходимларига берилаётган жуда оз иш ҳаққи, уларни пора олиш ва бошқа жиноятларга ундайди," дейди Анатолий Куликов.

Россия раҳбарияти бошлаган ислоҳотга фувофиқ, 2012 йилга қадар Россия Ички ишлар вазирлиги ходимларининг сони 20 фоизга қисқариши зарур.

Шунингдек, Президент Дмитрий Медведев ташаббуси билан "милиция" Октябр инқилобидан олдинги "полиция" номига қайтишга қарор қилинган.

Жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб Россияда "Полицияга оид" қонун кучга киради.

Расмийларнинг ишонтришларича, янги полиция сафига энг лойиқ ва виждонли фуқаролар танлаб олинади.