БМТ Қаддофийга қарши жазо чораларини киритди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Other
Image caption Қаддофий инсониятга қарши жиноятлар учун халқаро маҳкамага тортилиши мумкин.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ливиядаги Муаммар Қаддофий тузумига қарши жазо чораларини бир овоздан маъқуллади.

Кенгаш аъзолари қурол-яроғ эмбаргоси, ҳисобларни музлатиш ва полковник Қаддофийни даъво қилинаётган инсониятга қарши жиноятлар учун Халқаро Жиноий Маҳкамага тортиш амалларини маъқуллашган.

АҚШ Президенти Барак Обама Ливия раҳбари дарҳол истеъфога чиқиши ва мамлакатни тарк этиши кераклигини айтди.

Полковник Қаддофий пойтахт Триполини ҳануз назорат қилмоқда, аммо шарқий Ливия исёнчилар қўлига ўтган.

Хабарларга кўра, аксил-Қаддофий ўтиш даври ҳукуматини тузиш юзасидан музокаралар бошланиб кетган.

Ливиянинг АҚШ ва БМТдаги элчилари Бенғозида кечаётган музокараларни қўллаб-қувватлашган.

БМТга кўра, Қаддофий тузумининг 10 кун аввал бошланган исённи бостириш уринишларида 1000 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

Ливиянинг БМТдаги элчиси муовини жазо чоралари аксил-Қаддофий намойишчиларига маънавий дастак беришини айтди.

"Жазо чоралари Триполида ҳануз амал қилаётган бу фашист тузумни тугатишга ёрдам беради", - деб айтди шу ҳафта бошида полковник Қаддофийга мухолифлигини эълон қилган Иброҳим Даббоший.

Қўшма Штатлар аллақачон Ливияга қарши бир томонлама жазо чораларини киритган ва Триполидаги элчихонасини ёпган.

'Ливия аланга ичида қолади'

Шанба куни Муаммар Қаддофийнинг ўғилларидан бири Сайфул Ислом Ливиянинг 75 фоизида одатий ҳаёт давом этаётганини даъво қилди.

Аксил-Қаддофий кучлар эса мамлакатнинг 80 фоизини назорат қилаётганликларини айтишмоқда.

Бу даъволарни аниқлаштириш мушкул,аммо аксил-Қаддофий кучлар Ливиянинг иккинчи йирик шаҳри бўлмиш Бенғозини, Қаддофий эса пойтахт Триполининг катта қисмини назорат қилаётгани маълум.

Ливиянинг олти ярим миллион аҳолисидан икки миллиони Триполида яшайди.

Шанба куни Триполида вазият осойишта, дўконлар очиқ ва кўчалар одамларга тўла бўлган.

Хабарларга кўра, полковник Қаддофий тарафдорлари пойтахт марказидаги Яшил Майдонда уни қўллаб-қувватлаб намойиш ўтказганлар.

Жума куни тарафдорлари қаршисида гапирган Қаддофий унинг бошқарувига қарши чиққанларни бостириб ташлаш билан пўписа қилган.

Ливия телевидениеси полковник Қаддофийнинг Триполи марказидаги майдонда йиғилган ўз тарафдорлари ўнгида қилаётган нутқини олиб кўрсатган.

Муаммар Қаддофий уларни қуролланиб, Ливия ва унинг нефт манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр бўлишларига чақирган.

Унга кўра, керак бўлган тақдирда мамлакат қурол-яроғ заҳиралари уларга тарқатилади.

"Биз ҳар қандай тажовузни енга оламиз, халқнинг қатъияти ва қуролланган одамлар билан ҳар қандай тажовузни енгамиз. Агар лозим бўлса қурол-яроғ заҳиралари очилади ва Ливия халқига тарқатилади. Ҳамма Ливия қабилаларига тарқатилади. Ливия қизил аланга ичида қолади", - деб айтган полковник Қаддофий.