Россия: меҳнат муҳожирлари учун қайддан ўтиш тартиби соддалаштирилади

Муҳожирлар Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Россияга келган меҳнат муҳожирлари уч кун ичида қайддан ўтишлари шар

Россияда саёҳлар ва меҳнат муҳожирлари учун қайддан ўтиш тартиби соддалаштирилади.

Россия қуйи парламенти Дума, миграция қоннунларига қатор ўзгаришлар киритмоқчи.

Парламент хорижликларнинг қайддан ўтиш муҳлатини ҳозирги уч кундан етти кунга узайтириш ҳақидаги қонунни биринчи муҳокамадан сўнг қабул қилган.

Бундан ташқари юқори малакали хорижийларнинг Россияга ўз оиласини ҳам даъват этишлари ва қайтдан ўтишларига ижозат берилади.

Расмийлар фикрларича, ушбу ўзгаришлар Россияга ишга келаётган хорижликлар учун енгиллик яратади.

Кузатувчиларга кўра, миграция тартибига оид ўзгаришлар меҳнат муҳожирларининг Россияда қонуний қайддан ўтишларига шароит яратмайди.

Ҳозирда Россия ҳудудига кирган ҳар бир хорижлик уч кун давомида қайддан ўтиш талаб қилинади.

Агар қуйи парламент қабул қилган қонун тўла тасдиқланса, Россияга келган сайёҳ ва муҳожирлар бир ҳафта давомида миграция қайтидан ўтишлари мукин бўлади.

Иваново вилоятидаги ўзбекистонликлар жамоаси раҳбари Салимжон Амировнинг айтишича, янги ўзгариш муҳожирларнинг қайтдан ўтишларига жиддий енгиллик яратмайди.

"Бунинг меҳнат муҳожирлари учун енгиллик томони шуки, етти кун ичида шошилмасдан регистрация қайтидан ўтиш имкониятини беради. Лекин муҳожирларнинг аксари мустақил ўзлари, воситачиларсиз қайтдан ўтишолмайди. Олдиндан Россияга келиб юрган муҳожирлар, яшашаётган жойларига қабул қилувчи маҳаллий киши орқали регистарция олишлари мумкин. Бундай кишилар тахминан 10 фоизни ташкил этади. Колган хорижликлар эса фақат воситачилар ёрдамида қиммат нархда регистрация ҳужжатини олишади," дейди Салимжон Амиров.

Меҳнат муҳожирлари учун миграция қайдидан ўтиш ва ишлаш рухсатномасини қўлга киритиш ўта қийин муаммо саналади.

Москвада юк ташувчилик қилаёткан тожикистонлик Самандарнинг айтишича, воситачи ширкатлар орқали олинган регистрация ҳужжати кўп ҳолларда қалбаки бўлиб чиқади.

"Регистрация муҳлати уч кундан етти кунга узайтирилиши билан муҳожирлар аҳволи ўзгармайди. Чунки кўп ҳолларда барибир қалбаки чиқади. Бирор маҳаллий танишингиз орқали уч ойга "гостевой" сифатида қайдга олишингиз мумкин. Регистрация нархи 1500 - 1600 рубл, яъни тахминан 50 доллар," дейди Самандар.

Қайдга олиш ҳужжатининг йўқлиги ёки ҳужжат муҳлати тугагани жарима солиш қатори хорижликларни ватанига депортация этишига сабаб бўлиши мукин.

Москвада ишлаёткан ўзбекистонлик Саодатхоннинг турмуш ўртоғи, регистрация сабабли депортация қилинини айтади.

"Хўжайинимни регистрация муҳлати икки кундан кўпроқ ўтиб қолганди. Регистрация қилишга бораётган пайти милиция ходимлари кўчада ушлаб олиб, ҳужжатларини тайёрлаб, депортация қилиб юборишди. Бир кунни ичида суд ҳам бўлди, депортация қарорини ҳам чиқариб қўйишди. Кимга арз қилишимизни билмай қолдик. Россияда бизга ёрдам берадиганнинг ўзи йўқ," дейди Саодатхон.