Исёнчилар Қаддофий кучлари ҳужумини тўхтатишга муваффақ бўлишган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Брега шаҳарчасида йирик нефт иншооти жойлашган

Полковник Қаддофийга содиқ кучлар нефт шаҳарчаси Брега шаҳри назоратини қайта қўлга киритиш учун ҳужум қилишган.

Аммо, шаҳарни ҳимоя қилаётган исёнчилар ушбу ҳужумларни қайтаришга муваффақ бўлганлари хабар қилинмоқда.

Мамлакат шимоли-шарқидаги Брега шаҳарчасида йирик нефт иншооти жойлашган.

Шифокорлар хабар беришларича, Қаддофий тарафдорлари ва уларга мухолиф қуроллилар ўртасидаги жангда 14 киши ҳалок бўлган.

Қаттиқ портлаш овозлари эшитилган, бу Ливия ҳарбий учоқларининг бомбардимони деб кўрилган.

Беқарорликлар давомида Муаммар Қаддофий Ливиянинг катта қисми назоратини бой берган.

Шарқий ҳудудлардаги шаҳарлар икки ҳафта муқаддам норозилик намойишчилари қўлига ўтганди. Қаддофий кучлари ўшандан бери илк бор шарқий ҳудудлар томон илгарилашган.

Аввалроқ, Полковник Қаддофий Ливиядаги тартибсизликларда яна хорижий матбуот ва "Ал-Қоида"ни айблаган, бу мамлакат нефт бойликларини қўлга киритиш мақсадидаги фитна деб атаган.

Давлат телевидениеси орқали мурожаатида Қаддофий айтишича, террочилар Ливияни талон-тарож қилмоқдалар.

У БМТни нималар юз берганини текшириш мақсадида Ливияга миссия юборишни сўраган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Тунис чегарасида ўн минглаб қочқинлар қолиб кетишган

Аждабияда исёнкорлар ҳужумни кутишмоқда

Брега яқинида жойлашган Аждабия шаҳрида бўлган Би-би-си мухбири Жон Симпсонга кўра, 100тача ҳарбий машиналар карвони ушбу шаҳарга ҳам яқинлашиши кутилмоқда.

Би-би-си мухбирининг хабар қилишича, Аждабия анчайин муҳим нишон.

Мухбирга кўра, шаҳар ҳимоячилари юқори даражада ҳушёр туришибди ва ҳужумни кутишмоқда.

У ерда ташлаб кетилган катта ҳажмдаги қурол - яроғлар Қаддофийга тарафдор кучлар тарафидан бир неча бор портлатиб юборилган.

Ливия раҳбари дастакловчи кучлар ҳозир Аждабиядан бор - йўғи бир неча чақиримда узоқда эканлари айтилади.

"Аммо, исёнчилар шаҳарни ҳимоя қилишга қатъий аҳд қилишган, аммо бу қанчалар уюшган ҳолатда амалга оширилади ҳали айтиш қийин", дейди мухбиримиз.

Қочқинлар

Зўравонликлар туфайли ўн минглаб хорижликлар Ливияни тарк этишга уринишаркан, Тунис чегарасида йирик инсоний инқироз пайдо бўлган.

Тунис ҳукумати эълон қилишича, фақат охирги ҳафтанинг ўзида Ливия-Тунис чегарасидан 80 минг киши ўтган.

Аксари мисрлик меҳнат муҳожирлари экани айтилаётган одамлар уйларига кета олмай чегарада қолиб кетишган.

БМТ минглаб одамлар ҳаёти хавф остида экани ва йирик эвакуация ишларини ташкиллаштириш зарурлигини айтмоқда.

Британия ва Франция ҳукуматлари ўн минглаб мисрлик қочқинларни зўравонликлар кечаётган Ливиядан олиб чиқиш режалари ҳақида эълон қилганлар.

Британия Тунис ва Миср орасида парвоз қиладиган учта учоқ юбормоқда. Франция учоқ ва кема юбориши ҳақида эълон қилган.

Халқаро Жиноят Маҳкамаси Ливия устидан текширув бошлайди

Халқаро Жиноят Маҳкамаси Ливиядаги зўравонликлар пайтида инсониятга қарши жиноятлар содир этилгани юзасидан расман тергов бошламоқда.

Халқаро маҳкама Бош қораловчиси Луис Морено-Окампо айтишича, у исбот-далилларни ўрганади ҳамда тергов бўлиши аниқ.

Терговда кимларнинг исми -шарифи борлиги эртага эълон этилади.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ливия қўшинларининг аксилҳукумат намойишчиларга куч қўллаганини текшириш Халқаро Жиноят маҳкамасидан сўраган.