Яманда Тожикистонлик шифокор ўғирлаб кетилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ўғирлаб кетилган Тожикистонлик фуқаронинг Шабва вилоятида ишлагани айтилмоқда.

Санодаги Россия элчихонаси матбуот котиби Айдар Туйгуновга кўра, Яманда шифокор бўлиб ишлаётган Тожикистон фуқароси ўғирлаб кетилган.

Ҳодиса душанба куни кечқурун Шабва вилояти марказида рўй берган.

Элчихона вакилининг айтишича, Тожикистон фуқароси Россиянинг "Техностройэкспорт" ширкати орқали тузилган контракт асосида жарроҳ бўлиб ишлаб келган.

Баъзи хабар агентликлари ўғирлаб кетилган шахснинг Ўзбекистонлик экани, яна бошқалар эса Россия фуқароси эканлигини хабар беришганди, лекин Россия элчихонаси қўлида бор маълумотларга асосланиб, унинг Тожикистон фуқароси эканлигини таъкидлади.

Россия элчихонаси ўғирлаб кетилган Тожикистонликни озод қилишга ёрдам беришни сўраб Яман Ташқи Ишлар вазирлиги ва тегишли муассасаларга расмий нота жўнатган.

Ҳозирда уни озод қилиш йўлида Яман Соғлиқни сақлаш вазирлиги иштирокида музокаралар олиб борилаётган экан.

Россия элчихонаси вакили шифокорни ўғирлаб кетган шахсларнинг талаблари қандай эканлигидан бехабар эканлигини айтди, лекин дастлабки маълумотларга кўра, бу иш ортида маҳаллий қабилалар турганлиги тахмин қилинмоқда.

"Reuters" хабар агентлигининг Шабвадаги қабилалар вакилларига таяниб хабар беришича, улар 2009 йили декабр ойида ҳукумат кучлари томонидан амалга оширилган ҳужумда айбдорларни жавобгарликка тортишга эришиш мақсадида шифокорни ўғирлаганлар.

Ушбу ҳужум оқибатида тинч аҳоли вакилларидан бир неча ўн киши ҳалок бўлгани айтилади.

Яман ҳукумати АҚШ қўллови билан бир неча йилдан бери Яманда бошпана топган, дея ишонилган "Ал-Қоида" гуруҳларига қарши амалиётларни амалга ошириб келмоқда.

Қабила вакилининг " Reuters" агентлигига айтишича, шифокорни ишлаётган касалхонасидан жароҳатланган шахсга ёрдам беришини сўраб, алдаб олиб чиққанлар ва шундан сўнг қўшни Абян вилоятига олиб кетганлар.

"Amnesty International" халқаро ташкилотига кўра, 2009 йилги ҳаво ҳужуми оқибатида маҳаллий аҳолидан 41 киши ҳалок бўлган, улардан ярми ёш болалар эди.

Санодаги Россия элчихонасига кўра, Яманда хориж фуқароларини ўғирлаб кетиб, турли талабларни қўйиш тез-тез рўй бериб туради.

Яманда собиқ Иттифоқ давлатлари, хусусан Марказий Осиё давлатларидан бўлган кўплаб мутахассилар ишлашади.

Би-би-си билан суҳбатда бўлган Ўзбекистонлик шифокорнинг айтишича, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг ўзидан тахминан беш минг киши Яманда ишлайди.