Қаддофий кучлари Брега шаҳрига ҳаводан ҳужум қилишди

Ливиялик исёнчи Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Қаддофий кучларига қарши кўнгилли исёнчилар қаршилик кўрсатишмоқда

Ливиянинг нефтга бой Брега порт шаҳри, маҳаллий манбаларга кўра, мамлакат раҳбари Муаммар Қаддофийга содиқ бўлган кучлар томонидан ҳаво ҳужумига тутилган.

Чоршанба куни Брега шаҳрида ҳукумат қўшинлари ва намойишчилар ўртасида юз берган тўқнашувлар натижасида 14 одам ҳалок бўлган.

Полковник Қаддофий кучлари чоршанба куни тонгда шаҳарни ишғол этган, бироқ кейинроқ мухолифат жангчиларни уларни шаҳардан сиқиб чиқарган.

Ливия бўйлаб икки ҳафтадан буён давом этаётган халқ қўзғолонларида Муаммар Қаддофий мамлакат шарқидаги ҳудудлар устидан назоратни бой берди. Бироқ у курашни давом эттиришга онт ичган.

Чоршанба куни телевидение орқали Ливия халқига мурожаат қилган жаноб Қаддофий агар ғарб кучлари мамлакат ички ишларига аралашса, минглаб ливияликлар ҳалок бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Ливияда давом этаётган зўравонликларда ҳозирга қадар минглаб одам ҳалок бўлгани тахмин қилинади.

Халқаро Жиноят Маҳкамасининг прокурори Луиc Морено-Окампо пайшанба куни 10-15 Ливия раҳбарларига нисбатан инсониятга қарши жиноятлар содир этиш айблови илгари сурилишини маълум қилди.

Ҳозирча қурбонлар йўқ

Брега шаҳрида қайси иншоотлар ҳаво ҳужумига тутилгани ҳозирча маълум эмас.

"Икки соатча олдин ҳарбий учоқлар аҳоли маскани ва нефт ширкати ўртасидаги ҳудудга бомба ташлашди", дея шаҳар шифохонасининг вакили Фата Муғрабийга иқтибосан хабар берди Франс пресс агентлиги.

"Билишимча, ҳозирча қурбонлар йўқ", - деди у.

Мухолифат кучлари вакилининг хабар беришича, ҳарбий учоқлар шунингдек Ажбая шаҳрида мухолифат назорат қилаётган мавқеларни бомбалаганлар.

Хабарларга кўра, Брега ғарбида жойлашган Рас Лануф шаҳрида полковник Қаддофийга содиқ бўлган кучлар янги ҳужумларга тайёргарлик кўришмоқда.

Айни дамда Голландия ҳукумати Қаддофий кучлари уч голландиялик десантчини тутиб олганликларини тасдиқлашган. Десантчилар Сирт шаҳрида икки оврўполикни эвакуация қилаётган пайтда қўлга олинганлар.